Мамлакатимизнинг энг номдор ҳужумчиларидан бири - «Динамо» тўпурари Жаъфар Ирисметов дунё тўпурарлари сафидан ўрин олди.
Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси ташкилоти бир қатор дунё рейтингларини эълон қилиб боришидан кўпчиликнинг хабари бор. Ушбу ташкилот куни кеча миллий чемпионатларнинг юқори дивизионларида энг кўп гол урган футболчилар рўйхатини эълон қилди. Ушбу рўйхатда ҳозирда фаолият олиб бораётган тўпурар футболчилар киритилди.
Биз учун энг қувонарлиси жамоамизнинг ҳужумчиси ва биринчи даврадан кейин чемпионатимиз тўпурари бўлиб турган Жаъфар Ирисметовнинг ушбу рўйхатдан жой олгани бўлди.
Эътиборлиси, ушбу рўйхатга кўра, Ирисметов жаҳон тўпурарлари қаторида 15-поғонани банд этиб, Раул Гонсалез, Рууд ван Нистелрой, Андрей Шевченко сингари машҳур ҳужумчиларни ортда қолдирмоқда.
«Динамо» ҳужумчиси ушбу рейтингда 394 та ўйин ўтказиб, 229 бор рақиб дарвозасини ишғол этган ҳолда ўн бешинчи ўринда қайд этилган бўлса, яна бир Олий лига иштирокчиси «Бунёдкор» форварди Ривалдо 528 ўйинда 266 гол уриб олтинчи поғонани банд этган. |