Ўтган ўйин
СУПЕРЛИГА - 2019
СУПЕРЛИГА - 2019
Тўпурарлар
Тугилган кунлар |
САМАРҚАНД ФУТБОЛИ ТАРИХИСамарқанд замини нафақат ўзининг тарихий бой салоҳияти билан, балки мамлакатимиз футболида эгаллаган муносиб ўрни билан ҳам фахрлана олади. Бу замин не-не аллома-ю, авлиё фузалоларни етиштиргани билан бирга, юртимиз футболида муносиб из қолдирган чарм тўп усталарини ҳам етиштириб берган. Самарқанд футболининг тарихи, бугуни ва эртасига нигоҳ ташласак, сўзсиз буларнинг барчаси нафақат шаҳарнинг, балки бутун бошли вилоятнинг бош футбол жамоаси билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Бу жамоа номи ҳар бир давр, замонда турлича номланди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, Самарқандда футбол оммалашиб тараққий этганлигини инобатга оладиган бўлсак, сўнгги 50 йил ичида Самарқанд футболининг бош жамоаси бир неча маротаба янги ном билан аталди. Маълумотларга қараганда, 1958 йилда Самарқандда барпо этилган бир неча заводнинг ишчилари бирлашиб шаҳардаги дастлабки жамоани тузишган. Ушбу янги жамоа дастлаб ҳаваскорлардан ташкил топган бўлиб, 1960 йилда шаҳар аҳолисига танила бошлаган. Шу йилнинг ўзида эса Самарқанд шаҳар раҳбарлари, футбол мутасаддиларининг жонкуярлиги, кўрсатган жонбозликлари эвазига жамоа ташкил этилди. Жамоанинг ҳозирги номига боғлиқ маълумотларга ўтадиган бўлсак, «Динамо» собиқ иттифоқ даврида кўнгилли спорт жамияти номи эди. Ёши катта мухлислар яхши эслашади, собиқ иттифоқ чемпионатида шу ном остида кўплаб жамоалар тўп суришган. Хусусан, олий лиганинг ўзида Киев, Москва, Минск ва Тбилиси шаҳарларининг шу номдаги клублари иштирок этишарди. Жамоа ташкил этилгач, дастлаб турли хил турнирларда иштирок этиш билан кифояланди. Қатор турнирлардаги кичик ғалабалардан сўнг, футболчилар жамоа таркибидан муқим ўрин эгаллашди. Кўп ўтмай, клуб Собиқ Иттифоқ «Б» тоифасидаги мусобақасида ўз иштирокини бошлади ва 1964 йилга келиб «Динамо» турнирда 6 ўринни эгаллади. Самарқандликлар 1966 йилда ўзининг дастлабки халқаро ўйинида Франция жамоаси билан Самарқанда ўйин ўтказиб 1:1 ҳисобини қайд этган. 1968 йилда эса «Динамо» Муғулистон Қуролли кучлари терма жамоасини қабул қилган. Шиддатли кечган ўйинда динамочилар муғулларни 2:1 ҳисобида доғда қолдиришган. Жамоа 1970-йиллардан бошлаб, жамоа номи «Строитель» дея ўзгартирилди. 1970 йилдан 1975 йилгача «Строитель» дея юритилди. 1973 йилда эса бу жамоа Республика чемпионлигини қўлга киритди. 1976 йилда самарқандлик футболчилар Болгария жамоасини қабул қилдилар. 1978 йилда эса Самарқанд жамоаси Венгрия Футбол Федерациясининг таклифига кўра, Венгрияда «Валан» жамоаси меҳмони бўлиб қайтди. Венгриядаги ўйинда дўстлик ғалаба қозонган, 2:2. 1979 йилдан эса «Динамо» номи яна тикланди. Айнан ўша мавсумда жамоа Иттифоқ биринчилигида 24 жамоа ичида фахрли 7-ўринни эгаллади. 1980-йилда «Динамо» раҳбарияти, жамоани хорижда ўртоқлик учрашувларини ўтказиш учун Вьетнам давлатига сафар этди. Хориждаги ўтказилган 5 та ўртоқлик баҳсларининг 4 тасида самарқандликлар ғалаба қозонишди, бир учрашувда дуранг қайд этилди. Шу йили жамоа собиқ Иттифоқ чемпионатининг иккинчи лигасида ўз иштирокини бошлади. Бу лигада Самарқанднинг «Динамо» жамоаси бир неча маротаба юқори ўринлар учун кураш олиб борди. 1978 йилда Самарқанд футболи ўзининг энг иқтидорли футболчиларидан бири – Сирожиддин Бозоровни мамлакатнинг бош жамоаси Тошкентнинг «Пахтакор» клуби учун етиштириб берди. 80-90-йиллар эса «Динамо»нинг собиқ Иттифоқ иккинчи лигасидаги энг муваффақиятли иштирокига тўғри келади. Айнан ўша йилларда динамочилар Кубок баҳсларида чорак финалга қадар етиб келишган, аммо Самарқанддаги ўтказилган ўйинда, ўша даврларда анча кучли таркибга эга бўлган Литванинг «Жальгрис» футболчиларга кичик ҳисобда имкониятни бой беришган. Бу ўйинда «Динамо» стадиони тўлиб тошганлиги ва ўйинда самарқандликлар устунлик қилганликлари ҳақида, жамоанинг фахрий мухлислари ҳали ҳамон катта фахр билан таъкидлашади. Мустақилликдан кейин миллий чемпионат ташкил этилгач, «Динамо» жамоаси номи бир неча маротаба ўзгартирилди. Дастлаб клуб номи «Мароқанд» номига ўзгартирилди. Аммо, бу жамоа ўша мавсум кўнгилдагидек иштирок эта олмади. Ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, жамоа ўтган йиллар мобайнида бир неча марта ўз номини ўзгартирган. Жумладан, «Мароқанд», «Афросиёб», «Самарқанд» ва «Динамо-Самарқанд», деб аталган. 1992 йилдаги, энг эсда қоларли воқеа сифатида Ўзбекистон Кубогининг финал учрашувини Самарқанд шаҳридаги «Динамо» стадионига ўтказилиши бўлди. Илк марта ўтказилган мусобақа финалида «Динамо» ўйингоҳида Наманганнинг «Навбаҳор» ва Қўқоннинг «Темирйўлчи» жамоалари финалга рўбарў келишиб, пеналтилар баҳсида наманганликлар зафар қучишган. 1994 ва 1998 йиллар «Динамо» учун омадсиз келган. Жамоа мавсум якунига кўра, биринчи лигага равона бўлган. 1996-1997 йилларда жамоа «Афросиёб» номи билан Олий лига баҳсларида иштирок этди. 1999 йилда «Динамо» Олий лигага қайтгач, жамоа бош мураббийи этиб раҳматли Маҳмуд Раҳимов тайинланди. Ушбу мутахасис фаолиятининг дастлабки йилида катта ҳажмдаги селекция ишларини олиб борди ва мавсумни кучли бешликда якунлади. 2000 йилнинг 3 февралида жамоа номи «Самарқанд-Динамо» дея юритила бошланди. Самарқандликлар учун энг омадли мавсум сифатада ёдда қолган 1999-2000 йилларда жамоа чемпионат давомида ажойиб ўйинларини кўрсатиб, мухлислар олқишига сабаб бўлди. Ўша йили жамоа таркиби анча кучли кўриниш олганди. Дарвозада Евгений Сафонов, ҳимоячилар Даврон Файзиев, Раҳматулло Фузайлов, ярим ҳимояда Илҳом Шарипов, ёш Гладковлар, Умид Абдураҳмонов, Элшан Гамбаров, ҳужумда Равшан Бозоров, Муҳсин Муҳаммадиев, Жаъфар Ирисметовлар ҳаракат қилишарди. Айнан ўша мавсумда жамоа тарихидаги кўпгина рекордлар янгиланди. Ўша мавсумда самарқандлик футболчиларнинг чемпионатдаги энг асосий рақобатчилари «Дўстлик» жамоаси эди. Олий лига ўйини доирасидаги Самарқандда ўтказилган баҳсда «Динамо» ўйингоҳида 30000 мухлис йиғилган ва футболчилар суюкли мухлисларига 6:3 ҳисобидаги ажойиб совғани ҳозирлашганди. Жамоанинг Олий лига тарихидаги энг йирик ғалабаси ҳам айнан 2000 йилги мавсумда кузатилган. Ўз майдонида ўтказилган учрашувда мезбонлар Ангреннинг «Семурғ» футболчилари устидан 8:0 ҳисобида зафар қучишган. 2000 йилги мавсумда самарқандликлар жамоаси ўз майдонида Ўзбекистон терма жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказиб 4:1 ҳисобида зафар қучган. Шунингдек, Самарқандда Озарбайжон термаси билан ўтказилаган ўртоқлик ўйинида «Динамо» футболчилари 1:0 ҳисобида ғалабани тантана қилишган. Бундан ташқари, кўҳна шаҳарда терма жамоамиз ўзининг бир нечта муваффақиятли ўйинларини ўтказган. 2000 йилги мавсумнинг якунида эса «Самарқанд-Динамо» жамоаси Ўзбекистон Кубоги финалида Тошкент вилоятининг «Дўстлик» жамоаси билан «Пахтакор» ўйингоҳида куч синашди. Голларга бой ўтган учрашувда «Дўстлик» 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб Кубок соҳибига айланди. Динамочилар эса шу йили Олий лига тарихдаги энг яхши натижалари тўртинчи ўринни эгаллашди. Кўпчилик, ўша йиллардан сўнг «Динамо»нинг янги мавсумда чемпионлик учун курашишини тахмин қилаётганди, аммо тажрибали мураббий раҳматли Маҳмуд Раҳимовнинг бевақт ўлими, бу орзуларни йўққа чиқарди… 2000 йилги натижани жамоа ҳозирга қадар такрорлай олгани йўқ. Умуман олганда, кўҳна шаҳар вакиллари элитада 17 мавсум мобайнида тўп суришган. Икки йил (1994, 1998) жамоа биринчи лигада тўп суришга мажбур бўлган. Шу кунгача «Динамо»ни 18 нафар мураббий бошқарган. Клубда энг кўп ишлаган мутахассис - бу тожикистонлик Ҳаким Фузайловдир. У жамоага уч мавсум мобайнида (2000-2002) устозлик қилган. «Динамо»да ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизнинг таниқли мутахассислари - Биродар Абдураимов, Маҳмуд Раҳимов, Владимир Десятчиков, Валерий Леткин, Сергей Хрулев, Владимир Доценко, Аҳмад Убайдуллаев, Александр Иванков, Бахтиёр Ғафуров, Камо Газаров ва Баҳром Ҳакимовлар фаолият юритишган. Шунингдек, юқорида айтиб ўтганимиздек, тожикистонлик Ҳаким Фузайлов ва туркманистонлик Тачмурод Агамуродовлар ҳам клуб тарихидан жой олишган. Ўтган мавсумлар давомида иқтидорли мураббий, таниқли собиқ футболчи Азамат Абдураимов ҳам айнан Самарқанд жамоасида мураббийлик фаолиятини бошлаб клуб тарихида муносиб из қолдирди. Бугунга келиб эса, юртимизнинг энг иқтидорли мураббийларидан бири Илҳом Шарипов «Динамо» клуби зарварақларида янги саҳифани очишга бор куч ва ғайратини ишга солмоқда. Жорий йилда ҳам жамоамиз ўз олдига мавсумда муваффақиятли иштирок этишни мақсад қилган. Бир қатор маҳаллий футболчилар билан бир қаторда жамоага иқтидорли ёш футболчиларга катта эътибор берилмоқда. Бундай эътибор ўз мевасини бермай қўймайди ва ўйлаймизки жамоамиз мухлисларни хушнуд этиб ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшадиган янги-янги номларни етказиб беришда давом этади.
Натижалар, фактлар…
«Динамо» (Самарқанд) Миллий чемпионатдаги иштироки: Энг яхши натижаси: - 4-ўрин (2000). Энг ёмон натижаси: - 16-ўрин (1993). Ўзбекистон кубоги финалчиси (2000 йил). Энг йирик ғалабаси: - 8:0 («Семурғ» устидан 2000 йилда). Энг йирик мағлубиятлари: - 0:8 («Нефтчи» ва «Сурхон»дан 1997 йилда). Жамоанинг энг яхши тўпурари: Ҳамза Жабборов (49та гол) Мавсум мобайнида энг кўп тўп киритган футболчи: Муҳсин Муҳаммадиев (2000 йилда 26та). |
Навбатдаги ўйин
Фото-галерея
Сўровнома
Хабарлар лентасиВидео |
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|