Бошланажак янги мавсумнинг сўнгги тайёргарлик босқичини ҳам Тошкентда ўтказаётган «Динамо» жамоаси навбатдаги назорат баҳсини ўтказди. Бу сафар Виктор Жалилов шогирдларига Эдгар Гесс жамоаси рақиблик қилди.
Қайд этиш лозимки, бу учрашув Тошкент йиғини доирасидаги «Динамо» ва «Шўртан» жамоалари ўртасидаги ўзаро иккинчи баҳс бўлди. Эътиборлиси, қарийб бир ой олдин ўтказилган баҳсда бўлгани каби, бу сафар ҳам самарқандлик футболчилар ғузорлик чарм тўп усталари устидан ғалаба қозонишди. Бевосита ўйин ҳақида тўхталадиган бўлсак, учрашув кўҳна шаҳар вакилларининг ҳужумлари остида бошланди. Биринчи бўлимда бир қатор ҳужумлар уюштирган «Динамо» футболчилари дастлабки бўлимда икки бор Александр Корнейчук дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлишди. Илк гол Шерзод Зайниевнинг ҳисобига ёзилган бўлса, иккинчи гол жамоада кўрикдан ўтаётган Шоҳрух Нурматов ҳисобига ёзилди. Иккинчи бўлимда ҳар икки жамоа мураббийлари ҳам таркибда бир қанча ўзгаришлар қилишди. Аммо, бу ўзгаришлар учрашув ҳисобига таъсир этмади ва баҳс Самарқанд жамоасининг ғалабаси билан якунланди.
16 февраль. Қибрай стадиони.
«Динамо» - «Шўртан» - 2:0 (2:0)
Голлар: Шерзод Зайниев, Шоҳрух Нурматов.
Бош ҳакам: Бахтиёр Тоғаев.
«Динамо»: А.Ашуров, Д. Усмонов, Д. Ония, С. Мустафоев, У. Абдураҳмонов, А. Шашков, Ю. Романюк, Ш. Нурматов, С. Грибанов, Ш. Заниев, С. Сайфиев.
Заҳирадан майдонга тушганлар: У. Қобилов, А. Бозоров, Т. Қобилов, С. Гаффаров.
«Шўртан»: А. Корнейчук, В. Пономарёв, Д. Бокал, Р. Боқиев, А. Агалиев, У. Милосавлевич, Ж. Ибрагимов, П. Вуйович, В. Афонин, И. Таран, Ж. Ирисметов.
Заҳирадан майдонга тушганлар: М. Алавидзе, Т. Султонов, А. Мерзляков, И. Хазигалиев, А. Никитенко, С. Абдуллаев, А. Шоғуломов, Ш. Эркинов. |