Янги мавсумга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида йиғиннинг учинчи босқичини Тошкентда олиб бораётган Самарқанднинг «Динамо» жамоаси куни кеча навбатдаги назорат учрашувини ўтказди. Бу сафар «Динамо»га мамлакатнинг амалдаги чемпиони «Бунёдкор» рақиблик қилди.
Ушбу ўртоқлик учрашувига Виктор Жалилов сингари, Миржалол Қосимов ҳам деярли асосий таркибни туширди, дейиш мумкин. Яъни ҳар икки мураббий ҳам ўйинга жиддийроқ муносабатда бўлишди. Учрашув мезбонларнинг ҳужумлари остида бошланди. Илк дақиқалардан «қалдирғочлар» ҳужумчиси Анвар Солиев, Анвар Ражабовларда ҳисобни очиш учун имкониятлар бўлди, бироқ вазиятларда Девид Ония бошчилигидаги ҳимоячилар аниқроқ ҳаракат қилишди. Умуман олганда, ўйиннинг бошланиши ҳар икки жамоадан футболчининг жароҳат олиб майдонни тарк этгани билан ёдда қолди. Дастлаб, 15-дақиқада «Бунёдкор»да кўрикдан ўтаётган Камолиддин Мурзоев жароҳат олиб майдонни тарк этган бўлса, кўп ўтмай кўҳна шаҳар жамоасидан Дониёр Усмонов мажбурий алмаштирилди.
Учрашувнинг 38-дақиқага келиб ҳисоб мезбонлар томонидан очилди. Анвар Солиев «Бунёдкор»нинг чиройли уйланган ҳужумини гол билан якунлаб, танаффусга жамоасини ғолиб сифатида олиб чиқди. 1:0.
Иккинчи бўлим ҳар икки жамоанинг тенгкурашлари остида бошланди. Ҳар икки жамоа таркибида бир қатор ўзгаришлар бўлиб, футболчилар қарши ҳужумдан унумли фойдаланишга интилишди. Шундай вазиятлардан бирида «Динамо» футболчиси Шерзод Нурматов «Бунёдкор» дарвозасини ишғол этиб, ҳисобни тенглаштирди. 1:1.
Ўйиннинг қолган қисмида жамоалар ғалабани ўз томонларига оғдиришлари мумкин эди. Аммо, қулай вазиятларда «Бунёдкор»дан Иван Нагаев, Ислом Иномов, Анвар Солиевларга бироз аниқлик етишмаган бўлса, самарқандликлардан сўнгги дақиқаларда Шерзод Зайниев, Омаджон Тайлоқовлардан омад юз ўгирди. Голли вазиятларга бой ўтган ўйинда кучлар тенг келди.
Виктор Жалилов шогирдлари навбатдаги назорат учрашувини Тошкентнинг яна бир клуби «Локомотив»га қарши ўтказишади. Вазген Манасян жамоаси билан бўладиган баҳс 5 февраль кунига режалаштирилган.
«БУНЁДКОР» - «ДИНАМО» - 1:1
Бош ҳакам: Владислав Цейтлин.
Голлар: Анвар Солиев, 38 – Шерзод Нурматов, 71.
«Бунёдкор»: М.Худоёров (А.Тўраев, 70), А.Шораҳмедов, Ш.Раимқулов, Х.Каримов, А.Fафуров, И.Иномов, К.Израилов (А.Раҳимов, 67), Ж.Ибрагимов (Д.Ҳасанов, 71), А.Ражабов (И.Нагаев, 54), К.Мурзоев (Я.Мандзукас, 15), А.Солиев.
«Динамо»: А.Ашуров, Д.Ония, Д.Усмонов (У.Қобилов, 31), А.Шашков, С.Мустафоев, Ш.Зайниев, Т.Қобилов (Ш.Нурматов, 50), С.Гаффаров, У.Абдураҳмонов (А.Зиёвуддинов, 72), С.Сайфиев (Ж.Искандаров, 46), В.Клишин (О.Тайлоқов, 65).
Тошкент, «Жар» стадиони. |