«Динамо» клубининг тажрибали ҳужумчиси ва жамоа сардори Жаъфар Ирисметов сўнгги турда «Локомотив» билан ўтказилган учрашувда ўз ҳисобига яна гол ёзиб қўйди. Жамоамиз эса меҳмондан бир очко билан қайтди. Айтиш жоизки, Ирисметов энди 11 та гол билан гол уриш борасида пешқадамлик қилмоқда. Шунингдек, жамоада мураббий алмашинуви ҳам ижобий таъсир кўрсатаётганга ўхшайди. Ҳозирча «Арслонлар» иккита ўйинда иккита дурангга эришишди. Яқинда ўзимизни қизиқтирган саволлар билан Жаъфар Ирисметов билан суҳбатлашдик.
- Жаъфар ака, сизни «Локомотив»га қарши учрашувдаги дуранг билан табрикласам бўладими?
- Ҳа, табрикласангиз бўлади. Ҳар ҳолда меҳмондан бир очко билан қайтишимиз ёмон натижа эмас. Бу ўйин биз учун муҳим аҳамиятга эга эди. Чунки биз ўзимизнинг энг асосий рақобатчимиз билан ўйнаётгандик. Учрашувни кўрган бўлсангиз, бизнинг жамоа ҳам, улар ҳам ғалаба қозониши мумкин эди. Аммо дуранг ҳам жамоамиз учун чакки эмас. Бу йилги мавсумда сафарда биринчи очкомизни қўлга киритдик. «Динамо»га янги мураббий келгач, ўйинимизда оз-моз ўзгаришлар бор. Шунинг учун ёмон ўйнамадик, деб ўйлайман.
- Беллашувнинг сўнгги дақиқасида Илҳом Юнусов гол ургач, дуранг натижа қайд этилди. Ўша пайтда мағлубиятдан қутулиб қолиш учун жамоа сардори сифатида умид узмаганмидингиз?
- Умид ва ишонч бор эди. Чунки футбол 90 дақиқа давом этади. Аксинча охирги дақиқаларда бизда ғалабага бўлган имконият ҳам пайдо бўлганди. Бурчакдан оширилганида Дэвид Ония гол уришига оз қолганди. Ўйлашимча, дуранг ҳам ёмон натижа эмас.
- Энди тўпурарлар орасида 11 та гол билан пешқадамликни қўлга олдингиз. Чемпионат тугашига эса яна тўртта тур бор. Айтингчи, яна бир бор тўпурарга айланишингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Биринчи мақсад жамоани олий лигада олиб қолиш. Тўпурар бўлиш имконияти мендан ташқари Носир Отақўзиев, Алишер Холиқов сингари ҳужумчиларда ҳам бор. Агар «Динамо»ни олий лигада олиб қолсак, бу мен учун тўпурарликдан ҳам яхшироқ натижа бўлади. Албатта, тўпурар бўлсам яхши бўларди. Лекин олдимизда қийин ўйинлар турибди. «Шўртан», «Пахтакор», «Металлург» ва «Хоразм» жамоаларига қарши тўп сурамиз. Менинг ҳозирги ёшимда ураётган голларимни яхши деб ўйлайман. Яъни, ҳар икки ўйиннинг биттасида гол уряпман.
- Виктор Жалилов бош мураббий бўлиб келгач, иккита учрашувда иккита дуранг қайд этилди. Нима деб ўйлайсиз, Виктор Романович келганидан сўнг кўпроқ қайси томондан ўзгариш бўлди?
- Олдинги мураббий Азамат ака Абдураимов ҳам ёмон ишламаганди. Лекин жамоага келган ҳар қандай янги мураббий ўзига хос ўзгаришларни амалга оширади. Биласиз, Жалилов жамоани йиғмаган. Шундай бўлса-да, у келиб икки марта яхши натижани кўрсатди. Бу мураббий қўлидаги бор «материал» билан ишлаяпти. Ҳозирча бизнинг захира ўриндиғимиз у қадар кучли эмас. Агар Виктор Жалилов келаси йили ҳам «Динамо»ни бошқарадиган бўлса, яхши натижа кўрсата олади. Менимча, бемалол бронза учун курашишга қодир жамоани ярата олади. Чунки Самарқандда вилоят ҳокими ва клуб вице-президентининг футболга қизиқиши юқори даражада. Молиявий томондан ҳам муаммолар йўқ. Ҳаммаси ўз вақтида бажариляпти. Боз устига «Динамо»нинг ўз майдонидаги ҳар бир учрашувида ўн мингдан ортиқ ишқибозлар ташриф буюришяпти. У қадар қизиқарли ўтиши кутилмаган ўйинда ҳам 10 000 ишқибоз келади. Бу ерда футболга бўлган қизиқиш мухлислар томонидан ҳам катта. Шунинг учун келаси йили рақобатбардош сифатида ажойиб жамоани шакллантирса бўлади.
- Сизнингча, Азамат Абдураимовнинг истеъфоси жамоа учун зарурмиди?
- Буни биз футболчилар эмас, балки раҳбарлар ҳал қилишди. Абдураимовми ёки Жалиловми, ким билан ишлашнинг бизга унчалик катта аҳамияти йўқ эди. Бизнинг асосий ишимиз футбол ўйнашдир. Лекин Азамат аканинг шу жамоага қўшган ҳиссаси бор. Уни яхши, буни ёмон деб бўлмайди. Ҳар иккала мураббийнинг ҳам ўзига яраша устун жиҳатлари мавжуд. Барибир мен ўйлайманки, мураббий алмашинуви керак эди. Чунки янги мураббий келгач, жамоанинг руҳи кўтарилди. Лекин бу Азамат аканинг ёмон мураббийлигидан эмас. Шунчаки вазият шуни тақозо этарди.
- Виктор Жалилов келгач, биринчи навбатда нимага эътиборни қаратди?
- Мавсум якунланишига олтита тур қолганда келди ва катта ўзгариш қилмаяпти. Жамоани кўриб, футболчилар яхши ва улар билан бемалол ўйнаса бўлади, деди. У асосан руҳий устунликни оширишга урғу қаратяпти. Умид қиламанки, кейинги турда «Шўртан»ни ютамиз.
- Бу сизлар учун муҳим ўйин!
- Албатта. Биз учун ҳар бир ўйин муҳим. Олий лигадаги жойимизни сақлаб қолишимизга ишонаман. Аммо биз футболчиларга бундай пастки ўринларда сарсон бўлиб юриш - уят.
- Сиз қандай гол уришни биласиз. Олдинлари 30-35 талаб гол урардингиз. Ҳозир энг кўп тўп киритган футболчи сиз бўлиб турибсиз. Лекин 22 та учрашув 11 та гол, бу камга ўхшаяпти. Айтмоқчиманки, чемпионатимизда рақиб дарвозасини ишғол қилиш қийин бўлиб қолдими ёки бошқа сабаби борми?
- Гап гол уриш қийин ёки осонлигида эмас. Ҳар доим гол уриш қийин бўлиб келган. Бунинг ўзига яраша машаққати бор. Бу жамоага ҳам боғлиқ. Масалан, «Бунёдкор» ёки «Пахтакор»да бўлганимда балки 20 та урармидим? Кўпроқ қайси клубда ўйнашингизга ҳам боғлиқ. Биз биринчи даврада асосан ҳимоявий ўйин кўрсатдик. Умуман олганда, ўзим учун яхши натижа кўрсатяпман деб ўйлайман. Лекин «Динамо»да ҳам тўпурар бўлиб келяпманми, демак жамоадошларимнинг ҳам ҳиссалари бор. Кейин бошқа сабаби ҳам бор. Яъни, майдонларнинг сифати унчалик қониқарли эмаслиги ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.
- Бунгача Ўзбекистонда уч марта, Қозоғистонда эса икки марта тўпурар бўлиш бахтига муяссар бўлдингиз. Бу сафар ҳам навбатдаги тўпурарликка яқин турибсиз. Шундай экан, олдинги қўлга киритган муваффақиятларингиз ёдингизга тушаётгандир?
- Ҳар доим эсимда бўлади, лекин бу энди ўтмиш. Ҳозирги пайтда эса ёшим улғайганига қарамасдан яна тўпурарлар орасида бўлаётганимнинг ўзи катта гап. Агар тўпурар бўла олмасам ҳам хафа бўлмайман. Ўз ўйиним билан ёшларга ўрнак бўлаётганим ҳам менга ёқимли туюляпти. Ҳар томонлама ўзимни тетик ҳис қиляпман. Ёшлардан қолишаётганим йўқ. Яна бир-икки йил бемалол юқори савияда ўйнашга кучим етади.
- Терма жамоамиздан таклиф тушишини кутяпсизми?
- Кутaяпман, ҳали ҳам бунга умид қиламан. Асосий таркибдан жой олмасам-да, заҳирадан майдонга тушиб, Ўзбекистон терма жамоасига ёрдам берсам хурсанд бўлардим. Терма жамоа эшиги ҳамма учун очиқ. Балки тўпурар бўлсам, таклиф қилишар. Хуллас, ҳали ҳам умидимни узганим йўқ.
Ш.Жўраев суҳбатлашди. |