Терма жамоамизнинг йиғин ташкил этиши муносабати билан Олий лигада юзага келган қисқа танаффусдан унумли фойдаланишни мақсад қилган янги мураббий қўл остидаги «Динамо» жамоаси 4 октябрьдан Тошкентда йиғин ташкил этди.
Ушбу йиғин доирасида иккинчи давранинг қолган ўйинларига янада пухта тайёргарлик кўришни мақсад қилган Виктор Жалилов бошчилигидаги футболчилар 10 октябрь куни «Жар»да «Бунёдкор»га қарши ўртоқлик учрашуви ташкил этишни келишиб олишди.
Мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони ва кубоги соҳиби «Бунёдкор»га қарши баҳс якшанба куни соат 15:30да «Жар» ўйингоҳида бошланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий мавсум аввалида ҳам «Динамо» ва «Бунёдкор» жамоалари «Жар» ўйингоҳида учрашган ва назорат баҳсида 2:2 ҳисобида дуранг қайд этишганди. Давралар ўртасидаги ўртоқлик учрашуви ҳам муроса йўли билан якун топганди – 0:0.
Навбатдаги учрашув эса жамоаларнинг мавсумдаги ўзаро учинчи ўртоқлик учрашувлари, умумий эса бешинчи тўқнашувлари ҳисобланади. |