Хабарингиз бор, “Динамо” стадионида ёритгичлар ёритиш тизими нисбатан пастлиги боис, Суперлиганинг Самарқанддаги учрашувлари бошқа ўйинлардан барвақтроқ бошланарди.
Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигасининг Суперлига клубларини лицензиялаш талабларида стадионларнинг ёритиш тизими 1500 люкс талаб даражасида бўлиши ва ўйинларни кечки вақтда ўтказиш имконини бериши шартлиги белгилаб қўйилган.
Шунга мувофиқ, Самарқанд вилояти ҳокими, вилоят футбол Ассоциацияси президенти Эркинжон Турдимов ташаббуси билан “Динамо” стадионига қўшимча равишда «Philips» брендига тегишли янги ёритгичлар олиб келиниб, стадионга ўрнатилиши бошланди.
Мавсум бошида клуб раҳбарияти томонидан ПФЛга маълум қилинганидек, “Динамо” жамоаси иккинчи даврадаги уй учрашувларини мухлислар учун қулай бўлган кечки вақтда янги ёритгичлар остида ўтказишни режалаштирган.
Эслатиб ўтамиз, “Динамо” Суперлига 2-даврасидаги дастлабки учрашувни 16-тур доирасида 10 август, шанба куни “Қўқон-1912” жамоасига қарши ўйин билан бошлайди. |