Турнинг эътиборли ўйинларидан бири Самарқандда ўтди. Олий Лигада қолиш учун кураш олиб бораётган «Динамо» жамоаси яқинда мамлакат кубогини қўлга киритган «Насаф» клубини ўз майдони қабул қилиб, жуда муҳим очкони қўлга киритди.
Ушбу учрашувдан олдин ҳар икки жамоа таркибида йўқотишлар бор эди. Илҳом Юнусов ижара асосида тўп сураётганлиги боис жамоамизга ёрдам бера олмаган бўлса, рақиблар сафида жароҳати боис Эркин Бойдуллаев ва Элдор Суюнов майдонга туша олишмади.
Ҳар икки жамоа ҳам ўйинни эҳтиёткорлик билан бошлашди. 5-дақиқада чап қанотдан бошланган ҳужумни Артур Геворкян дарвозага аниқ йўналтирди. Муҳиддин Худоёров тўпни эгаллаб олди. Кейинги дақиқада Камолиддин Мурзоев ўнг қанотдан катта тезликдар жарима майдонига кириб зарба берди, ноаниқ.
21-дақиқада Алишер Юсуповнинг узоқ масофадан йўллаган кучли зарбасига бироз аниқлик етишмади. 40-дақиқада "Динамо"нинг кам сонли ҳужумларидан бири Шарофитдиновнинг 16 метрлардан йўлланган зарбаси билан якунланди, ноаниқ. 44-дақиқада Камолиддин Мурзоев деярли бирга бир вазиятга чиқиб борганди. Ўткир Юсупов тезлик билан тўпга югуриб чиқиб, вазиятни бартараф этди. Иккинчи бўлимни мезбонлар ҳужумкор бошлашди. 52-дақиқада Камолиддин Мурзоев дарвозабон билан бирга вазиятга чиқди. Аммо ҳужумчининг ўткир бурчакдан йўллаган зарбасини Юсупов қайтарди. 67-дақиқада Камолиддин Мурзоев жамоадоши узатган тўпни ажойиб тарзда қабул қилиб олди ва ўткир бурчакда туришига қарамай аниқ йўллади, 1:0.
Аммо орадан ўн дақиқа ўтмай меҳмонлар мувозанатни тикшлашди - 77-дақиқада Дониёр Нарзуллаевнинг қанотдан узатган тўпини Илҳом Шомуродов боши билан дарвозага йўллади - 1:1. Ўйин якунигача ҳар икки томон ҳам ғалабани илиб кетишга интилган бўлишсада, ўйинда ҳисоб ўзгармади. Бу билан «Динамо» 2010 йилдан буён биринчи марта «Насаф»дан Самаркандда очко ола билди.
Олий Лига. 28-тур.
31 октябрь (шанба)
«Динамо» (Самарқанд) – «Насаф» (Қарши) - 1:1
Самарқанд, 7 100 томошабин.
Ҳакамлар: В. Серазетдинов (Тошкент), А. Усмонов (Тошкент), А. Цапенко (Тошкент вил.), А. Нажафалиев (Тошкент)
Назоратчи: А. Абдуллаев (Тошкент).
Голлар: Камолиддин Мурзоев 66 - Илҳом Шомуродов 76.
«Динамо»: 25.Муҳиддин Худоёров, 5.Илдар Маматказин, 7.Отабек Зокиров (26.Комил Шарофутдинов, 83), 13.Ҳасан Асқаров, 16.Акмал Холмуродов, 20.Фарруҳ Шотурсунов (95.Фирдавс Абдусалимов, 68), 55.Аваз Агалиев, 60.Дилшод Шарофетдинов, 61.Артём Филипосян, 66.Акмал Бозоров, 97.Камолиддин Мурзоев.
«Насаф»: 30.Ўткир Юсупов, 4.Мақсуд Каримов (14.Шароф Муҳиддинов, 87), 6.Азиз Ғаниев, 9.Илҳом Шомуродов, 16.Алишер Юсупов, 17.Артур Геворкян, 18.Баҳром Абдураҳимов (7.Акрам Баҳриддинов, 61), 22.Шоҳруҳ Гадоев, 28.Шуҳрат Муҳаммадиев, 34.Фаррух Сайфиев, 41.Азамат Алланиёзов.
Огоҳлантиришлар: Баҳром Абдураҳимов 57. |