24-тур доирасида Жиззахда меҳмон бўлган «Динамо» жамоаси жорий мавсумда сафардаги дастлабки ғалабасини тантана қилди. Жуда муҳим қарама-қаршиликда принципиал рақиб «Сўғдиёна» мағлуб этилди.
Ушбу баҳсдан олдин ҳар икки жамоанинг турнир жадвалида ёнма-ён бораётганлиги ва икки томон ҳам лигадаги ўрнини сақлаб қолиш учун курашаётгани ўйиннинг шиддатли ўтишини ваъда берарди. Одатдагидек, жамоанинг 500дан ортиқ жонкуяр содиқ мухлислари шу куни Жиззахдаги ўйинда «Динамо»ни тинмай қўллаб-қувватлаб туришди.
Баҳс жамоамизнинг ҳужумлари остида бошланиб, 5-дақиқадаёқ «Сўғдиёна» ўйингоҳининг икки секторини тўлдириб ўтирган самарқандлик мухлислар сектори «ларза»га келди. Камолиддин Мурзоевнинг жуда кучли зарбаси дарвоза «тўққизлиги»дан жой олди, 0:1.
Голдан руҳланган Баҳром Ҳакимов шогирдлари Илҳом Юнусов, Дилшод Шарофутдинов ва Акмал Холмуродовнинг ҳаракатлари билан майдон марказида устунлик ўрнатиб, қанотлар бўйлаб ҳужум уюштиришга интилишди. 33-дақиқада Жасур Азимов жароҳат олиб майдонни тарк этгач, Отабек Зокиров майдонга тушди. Ўнг қанотда Асқаров-Шотурсунов, чапда эса Агалиев-Зокиров анча фаол бўлишди.
Зокиров майдонга тушишидан икки дақиқа ўтиб, «Динамо» чамаси 25 метрлардан жарима зарбаси тепиш имкониятига эга бўлди. Тўпга яқинлашган Отабек Зокиров ажойиб зарба билан «Сўғдиёна» дарвозасининг «тўққизлиги»ни нишонга олди. Ажойиб голни мухлислар билан бир қаторда рақиб дарвозабони ҳам фақат томоша қила олди, холос – 0:2.
Бўлим якунига қадар стадионда фақат самарқандлик мухлисларнинг байрамона кайфияти эшитилиб турди.
Иккинчи бўлимда меҳмонлар тўпни рақибларга бериб қўйиб, асосан қарши ҳужумларда тўп суришга интилишди. Бу юриш ўзини оқлаши мумкин эди, аммо қатор вазиятларда голли имкониятлардан унумли фойдаланилмади. Аксинча, рақиб жамоа майдон марказида устунлик ўрнатиб ҳужумкорликни ошириб, Худоёров дарвозаси олдида босим уюштирди. Натижада 58-дақиқада захирадан майдонга тушганига кўп бўлмаган Ислом Исоқжонов ҳисобни тенглаштирди, 1:2.
Ўйиннинг қолган 30 дақиқаси давомида ҳар икки томон ҳам ҳисобни ўзгартиш учун жуда кўп имкониятларга эга бўлишди. Аммо гоҳида ҳимоячилар, гоҳида эса дарвозабонлар маҳорат кўрсатишди. Натижада «Динамо» жамоаси сафардаги жуда муҳим баҳсда зарур уч очкони қўлга киритиб, мухлиснинг Самарқандга байрамона хушкайфиятда қайтишларини таъминлашди.
Кейинги турда жамоамизни яна бир жиддий ўйин кутиб турибди. 12 октябрь, душанба куни Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби Самарқандда меҳмон бўлади.
Олий Лига. 24-тур.
1 октябрь (пайшанба)
«Сўғдиёна» (Жиззах) – «Динамо» (Самарқанд) - 1:2
Жиззах, 8451 томошабин.
Ҳакамлар: Р. Эрматов (Тошкент) – 9,0, А. Расулов (Тошкент) – 9,0, Ж. Саидов (Тошкент) – 9,0, Э. Турсунов (Бухоро) - 9
Назоратчи: А. Арутюнов (Тошкент).
ЎзПФЛ вакили: А. Фролов.
Голлар: И. Исоқжонов (58) – К. Мурзоев (5), О. Зокиров (35).
«Сўғдиёна»: Дониёр Усмонов, Элёр Орифов, Собир Ҳамидов, Санжар Рашидов, Сардор Қаҳҳоров, Акмал Абдураҳмонов, Муқимжон Тошматов, Иззат Ғаниев, Александр Клецков, Қаҳрамон Баҳодиров, Хуршид Мухторов.
Захира: Михаил Спиридонов, Дилмурод Икромов, Сайдулло Раҳматов, Бобир Қосимов, Асилжон Бегимқулов, Санжар Риҳсибоев, Ислом Исоқжонов.
«Динамо»: Муҳиддин Худоёров, Илдар Маматказин, Ҳасан Асқаров, Акмал Холмуродов, Жасур Азимов (Отабек Зокиров, 33), Фаррух Шотурсунов (Феруз Бобоқулов, 68), Аваз Агалиев, Дилшод Шарофутдинов (Акмал Бозоров, 75) Артём Филипосян, Илҳом Юнусов, Камолиддин Мурзоев.
Огоҳлантиришлар: А. Клецков (34), Э. Орипов (43) – Ж. Азимов (31), А. Холмуродов (67), К. Мурзоев (90+5).
Энг яхши ўйинчилар: С. Ҳамидов – К. Мурзоев. |