Ўтган ўйин

Олий Лига-2017. 30-ТУР
25.11.2017
«Машъал»
«Муборак» стадиони
1:0

Олий лига - 2017

Жамоа Ў Т-Н О
1 Локомотив 30 67-20 70
2 Насаф 30 58-18 62
3 Пахтакор 30 47-28 59
4 Бунёдкор 30 47-29 52
5 Навбаҳор 30 40-37 46
6 Бухоро 30 42-40 46
7 Машъал 30 40-31 44
8 Олмалиқ 30 31-32 44
9 Қўқон-1912 30 42-47 41
10 Металлург 30 43-39 40
11 Қизилқум 30 34-40 37
12 Динамо 30 24-35 32
13 Сўғдиёна 30 33-51 31
14 Шўртан 30 31-52 27
15 Нефтчи 30 26-48 27
16 Обод 30 15-73 9

Олий лига - 2017

30-тур Пахтакор 3-0 Обод
30-тур Навбаҳор 1-0 Насаф
30-тур Шўртан 1-1 Қизилқум
30-тур Локомотив 3-2 Бунёдкор
30-тур Бухоро 1-0 Сўғдиёна
30-тур Машъал 1-0 Динамо
30-тур Металлург 1-0 Нефтчи
30-тур Қўқон-1912 1-2 Олмалиқ

Тугилган кунлар

Янгиликлар » Олий лига

АРТЁМ ФИЛИПОСЯН: «ДИНАМО»ДА ЯХШИ ЎЙНАСАМ, ТЕРМА ЖАМОАДАН ТАКЛИФ ОЛАМАН»

Рукн: Янгиликлар » Олий лига

Олий Лигада давралар оралиғидаги трансферлар кўпчилик мухлислар эътиборида бўлади. Бу сафар ҳам клублар имконқадар таркибларига янги футболчиларни жалб этишди. Бу борада биринчи давранинг энг эътиборли трансферларидан бирини «Динамо» амалга оширди. Самарқанд жамоаси «Бунёдкор» ҳамда терма жамоамизга номзод ҳимоячи Артём Филипосян билан шартнома имзолади. Келишув амалга ошгач, футболчи «Эрудит Спорт» газетасига интервью берди.

«БУНЁДКОР»ДА ЗАХИРАДА ҚОЛИШИМНИ ТУШУНМАДИМ…»

- Артём, «Бунёдкор»ни тарк этишингиз нима билан боғлиқ?

- Клуб раҳбарлари ва бош мураббий Сергей Лушан билан гаплашганимда, жамоага кераксан дейишгани учун “Бунёдкор”да қолишга қарор қилгандим. Шу сабабли клубдан кетиш ҳақида ўйламагандим. Чунки мен бунгача ушбу жамоада яхши даврларни ўтказгандим. Ўзбекистон Кубоги ва чемпионлигини қўлга киритганман. “Бунёдкор” орқали миллий терма жамоада ҳам ўйнадим. Мана шундай яхши ниятларни ўйлаб жамоага қайтгандим. Шунинг учун хаёлимда клубдан кетиш фикри йўқ эди. “Бунёдкор”га қанча керак бўлсам, шунча вақт ёрдам бермоқчи эдим. Жамоадан кетишимнинг сабабига келсак, мен бош мураббийни ёмонламоқчи эмасман. Шу пайтгача қайси клубларда ўйнаган бўлсам, ҳеч қачон мураббийларни танқид қилмаганман. Лекин Сергей Лушаннинг нима учун менга бундай муносабатда бўлганини тушунмаяпман. Бош мураббий ҳар бир футболчи билан алоҳида гаплашиб туриши керак. Агар кимдир захирада қолиб кетаётган бўлса, у билан суҳбатлашиб, сабабларини тушунтириши ва унга яна йўл-йўриқлар кўрсатиши керак. Аммо мен Лушанда бу каби хислатларни кўрмадим. Мени эса захирага ўтказиб қўйди. Ҳаттоки, ўртоқлик учрашувларида ҳам захирада қолиб кетдим. Бунинг сабабини билмадим. Бундай вазиятда бош мураббийдан бироз хафа бўлдим, десам тўғри бўлади. Бош мураббий қўли остидаги ҳар бир ўйинчи билан яхши алоқада бўлиб туриши керак. Ўтган йили “Локомотив”да тўп сурдим. У ерда ҳам камроқ ўйнаганимга қарамай, Вадим Абрамов мени ёнига чақириб вазиятни тўғри тушунтирарди. «Хитойдан яқиндагина келдинг, сенга ўйин амалиётини ошириш учун озгина вақт керак», деб гапирарди. Миржалол Қосимов, Анатолий Демьяненко каби мутахассислар билан ишладим ва улар ҳам футболчиларга тушунтиришарди. Сергей Иванович эса менга ҳеч қандай муносабат кўрсатмади. Шу сабабли бу ердан кетганим маъқул, деб ўйладим. Чунки мен ҳозир захирада ўтирадиган ёшда эмасман. Клуб билан дўстона хайрлашдим.

«ДИНАМО» - БОЛАЛИКДАГИ ОРЗУИМ»

- «Бунёдкор»дан айнан «Динамо»ни танлашингизни кўпчилик кутмаганди?

- Жамоадан кетишга қарор қилгач, олдимда бир қатор вариантлар бор эди. Улар орасидан «Динамо»ни танладим. Биринчидан, самарқандлик бўлганим учун ўз шаҳрим жамоасидан тушган таклифни рад этмадим. Иккинчидан Самарқандда ўсиб-улғайиб, болалигимдан стадионда «Динамо»га мухлислик қилиб, ўшанда «Динамо»да тўп суришни орзу қилардим. Клуб раҳбарияти ва бош мураббий билан гаплашгач, «Динамо»нинг мақсадлари қизиқтирди ва шартнома имзоладим. Самарқандда мухлислар ўз жамоаларини қай даражада севишларини жуда яхши биламан. Шундай экан, «Динамо» сафига ўтганимдан хурсандман.

- «Насаф», «Локомотив», «Бунёдкор» каби кучли клубларда тўп суриб, энди ўртамиёна «Динамо» сафига ўтишингиз ортга ташланган қадам эмасми?

- Ҳаётда шундай вақт бўладики, яна иккита қадам олдинга ташлаш учун бир қадам ортга ташлаш керак бўлади. Мен ҳозир 35-36 ёшда эмас, 27 ёшдаман – бу айнан футбол ўйнаб, кучга тўлган вақтим. Захирада ўтириб эса, ўсишдан тўхтаб қолиш мумкин. «Динамо»да ҳам яхши таркиб йиғилиб, мақсадлар ўзгарган. Шундай экан, «Динамо»га ўтишим менинг фаолиятим учун фойдли бўлади. Чунки Ўзбекистон миллий терма жамоасига қайтиш ниятим бор. «Динамо»да барча ўйинда майдонга тушиб, яхши ўйинлар кўрсатсам ватанимиз бош жамоасидан яна таклиф олишимга ишонаман.

«ОЛМАЛИҚ» ТРАНСФЕРИМНИ ТЎЛАЙ ОЛМАДИ, «ДИНАМО» ЭСА ТЎЛАДИ»

- Сизга биринчи бўлиб “Олмалиқ” клуби жиддий қизиқиш билдирганди. Аммо “Бунёдкор”да қолишингиз туфайли бу амалга ошмади. Орадан кўп ўтмасдан у ердан кетдингиз, аммо “Олмалиқ”қа эмас, “Динамо”га...

- Чиндан ҳам биринчи бўлиб, «Олмалиқ» клубидан таклиф олгандим. Улар менга ҳақиқатан ҳам жиддий қизиқиш билдиришганди. Биринчи давра охирларида Игорь Шквирин билан гаплашганимда у жамоасини Осиё Чемпионлар Лигаси учун курашаётганини айтганди ва бу йўлда мени ўз жамоасида кўрмоқчилигини маълум қилганди. Шквиринга таклиф учун раҳмат дейман. Аммо “Олмалиқ” клуби менинг трансферимни тўлай олмади. Аммо бунинг нархи қанчалигини айтолмайман. Қолаверса, «Бунёдкор» ҳам рақобатчи жамоага мени қўйиб юборишни истамади. “Динамо” мени таклиф этгач, клуб мақсади жиддийлигини айтиб, трансферимни амалга оширди. Бунгача Илҳом Юнусов, Дилшод Шарофутдинов, Достон Абдураҳмонов каби ўйинчилар келишди. “Динамо” янги ўйинчилар орқали шаклланаяпти. “Олмалиқ” менинг трансферимни тўлашни истамади демоқчи эмасман, шунчаки нарх уларга тўғри келмади. Нима бўлганда ҳам Игорь Анатольевичдан миннатдорман.

- Трансферингизни қайси клуб кўтарса, ўша жамоада ўтардингизми ёки сизда ҳам клуб танлаш имконияти бормиди?

- Биласизми, жамоа танлаш имконияти, албатта, бўлади. “Олмалиқ” ўз олдига катта мақсадни қўйганди. Агарда менга таклиф билан чиққан “Бухоро”, “Шўртан” ёки “Андижон” трансферимни тўлашга тайёр бўлишганида ҳам рад этардим. «Динамо»ни танлаганимнинг сабаби эса бир пайтлар ушбу клубда тўп суришни орзу қилардим. Шу боис таклифлар орасидан айнан самарқандликларнинг таклифини танладим. Самарқандлик бўлганим учун бу ерга ёрдам бериш учун келдим. Жамоанинг келажакдаги мақсадлари катта.

«ДИНАМО»ГА ЎТИБ АФСУСЛАНМАЙМАН»

- «Динамо»га ўтиб афсусланмайсизми?

- Мен 2005 йилда футболга катта қадам ташлаганман. Дастлаб Самарқанддан “Машъал”га бориб ўйнадим, кейин “Насаф”да тўп сурдим. Ундан сўнг “Бунёдкор”га кетдим. Кейинги фаолиятимни эса Хитойда давом эттирдим. У ердан қайтгач, “Локомотив”га ўтдим. Яна “Бунёдкор”га қайтдим. Албатта, юқори савияда тўп сурдим ва муваффақиятларга эришдим. ОФК Кубогини қўлга киритдик, ОЧЛда ном қозондим. Эришган ютуқларимдан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Ҳали ҳаммаси олдинда. Агарда яна “Бунёдкор”да қолганимда ўйин амалиётимда пасайиш бўларди. “Бунёдкор”да мен учун ҳаммаси яхши бошланганди. Лекин кейинчалик нима учун ўйнатмай қўйганининг сабабини тушунмадим. Шу боис иккинчи даврада ўйин амалиёти зарур эди. «Динамо»га ўтиб афсусланмайман.

- Сергей Лушан ҳақида фикрингиз қандай? Кўпчилик унинг ёшларга эътибор қаратаётгани учун ижобий муносабатда бўлишяпти. Четдан қараганда, у сизга қандай мураббий бўлиб кўриняпти?

- У чиндан ҳам ёшларга эътибор қаратмоқда. Иш услубидан келиб чиқсак, мураббий ўзи учун меҳнаткаш инсон. Машғулот ўтказиш усуллари яхши. Аммо унинг бир жиҳати ёқмади ва бу ҳақида юқорида айтдим: бош мураббий ҳар доим футболчилар билан яхши муносабатда бўлиши керак. Шунчаки воқеалар ривожи нима учун бундай тус олганини мен билолмадим. Агарда ўйинчида камчилик бўлса, у юзма-юз туриб айтиши керак. Лекин у бундай қилмади ва камчилиги ҳам шунда. Нима бўлганда ҳам мен бу мураббийнинг фаолиятига омад тилайман. “Андижон”га қарши ўйиндан сўнг у мени кейинги муҳим учрашувларга туширмоқчилигини айтганди, аммо барибир захирада қолавердим. “Бунёдкор”ни тарк этганимдан хафа эмасман. Жамоадошларим билан жуда яхши муносабатда эдим. 4-5 нафар ўйинчилар мени клубда қолишимни жуда хоҳлашди.

- “Бунёдкор”дан кетиш ташаббуси аслида сиздан чиқдими ёки клубданми?

- Билишимча, биринчи давра тугаганидан сўнг етти нафар ўйинчининг жамоадан кетиши керак бўлган рўйхат тузилган. Мураббий менга ҳеч нима демаяптими, демак, у кетишимга қаршилиги йўқ. Лекин менинг ўзим “Бунёдкор” жамоасидан кетишга қарор қилдим. Бу ёшда захирада ўтирмоқчи эмасман. Кўплаб дўстларим ва мураббийлар қаерда бўлсам ҳам ўйнашим кераклигини айтишди. Балки вақти келиб яна “Бунёдкор”га қайтарман. Чунки мен бу жамоа билан яхши дамларимни ўтказганман. Ҳозирги вазиятда эса у ердан кетмасам бўлмасди. Қаерда бўлсам ҳам ўйнашим керак ва яна миллий терма жамоага чақирилишим мумкин. Танлаган қароримдан афсусланмайман.

- Иккинчи даврада сизга осон бўлмайди…

- “Динамо”нинг турнир жавдалидаги вазияти яхши эмас. 4-5 та жамоа Олий Лигада қолиш учун курашмоқда. Биз иккинчи даврада жамоани юқорига кўтариш учун ҳаракат қиламиз. Бу йўлда мен ҳам “Динамо”га ёрдам бермоқчиман.

«ФУТБОЛЧИ ДЎСТЛАРИМ «БУНЁДКОР»ДА ҚОЛИШИМНИ СЎРАШДИ»

- Бош мураббий Баҳром Ҳакимов билан ҳам алоҳида гаплашдингизми?

- Баҳром Ҳакимов менга қўнғироқ қилди ва у билан анчагача гаплашдик. «Сен самарқандликсан, раҳбарият ҳам сени жамоада кўрмоқчимиз, бизга ёрдам бергин, бошқа клубларнинг таклифларини кўриб ҳам чиқмагин, ота-онанг, мухлисларинг шу ерда» дея гапирди ва охир-оқибат рози бўлдим. Айрим жамоадошларим мени клубда қолишимга ишонишганди ва мени қўллаб-қувватлашаётганди. Виктор Карпенко, Павел Бугало, Шакер Зуаги, Жавлон Иброҳимов, Акмал Шораҳмедов каби йигитлар клубда қолишимни, албатта, ҳаммаси яхши бўлишини айтишди. Менга далда бўлиб туришгани учун улардан миннатдорман. Айниқса, Шораҳмедов билан Иброҳимов жамоада қолишимни жуда хоҳлашди. Аммо мен ўйнашим керак.

«БУНЁДКОР»ГА НИСБАТАН ХАФАГАРЧИЛИК ЙЎҚ»

- Балки бу қарорингиз яхшиликкадир?!

- Бу ҳам Худонинг бир синови. Футболчи ҳар доим ҳамма нарсага тайёр туриши лозим. Шукурки, ота-онам, оилам, яқинларим соғ-саломат. Ҳали ҳаммаси яхши бўлишига ишонаман.

- Суҳбат якунида яна нималар ҳақида гапиришни истардингиз?

- “Бунёдкор”нинг мухлислари ҳам мени тўғри тушунишларини истардим. Ўз жамоасини қўллаб-қувватлашдан чарчашмасин. Уларга ҳар доим омад тилайман. “Бунёдкор” раҳбарларига ҳам раҳмат. Улар қишда жамоага қайтганим учун мени табриклашганди. “Бунёдкор”га ҳам омад ёр бўлсин. Клубга нисбатан менда ҳеч қандай хафагарчилик йўқ. Лекин бу – ҳаёт, бундан нолимайман. Шунча йил футбол ўйнаб бирор бир мураббий ҳақида ёмон гапирмаганман. Шу сабабли Лушанга ҳам омад тилайман. «Динамо» мухлисларига эса севимли жамоаларини қўллаб-қувватлашда давом этишларини сўрайман. Биз биринчи навбатда, Самарқанд шаъни учун майдонга тушишга ваъда берамиз.

Ш.ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

Ўқилди (марта): 765. Киритилган сана: 2015-07-31 00:00:00.

Навбатдаги ўйин

Олий Лига-2017. 30-ТУР
25.11.2017
«Динамо»
«Муборак» стадиони
Мавсум тугади

Фото-галерея

Динамо – Шуртан – 3:0. 2017, 8 март
Акмал Бозоров. Динамо жамоаси сардори. 2016 йил, сентябрь
Акмал Бозоров
Динамо-Бунёдкор учрашувидан

Сўровнома

Сизнингча, «Динамо» жамоасининг 2017 йилдаги энг яхши футболчиси ким?
Натижалар
Сўровномалар архиви

Хабарлар лентаси

08.12 ЎФФ ВАКИЛЛАРИ САМАРҚАНДДА БЎЛИШДИ
07.12 «ДИНАМО» ЭНГ КЎП ОЧКОНИ КИМДАН ОЛДИ?
04.12 «ДИНАМО»: 2017 ЙИЛДА ҚАНДАЙ ЭЪТИБОРЛИ ВОҚЕАЛАР БЎЛДИ?
02.12 «ДИНАМО» - 2017: ЭНГ, ЭНГ, ЭНГ…
28.11 «ДИНАМО» ЖАМОАСИ ТАЪТИЛГА ЧИҚДИ
27.11 «ДИНАМО-WOMEN» БИРИНЧИ ЛИГА-2017 ҒОЛИБИ!
25.11 «ДИНАМО» МАВСУМНИ 12-ЎРИНДА ЯКУНЛАДИ
24.11 «ДИНАМО» МУХЛИСЛАРИ МУБОРАККА БОРИШАДИ
23.11 СЎНГГИ ТУР УЧРАШУВИНИ ЗОКИР ҚОДИРОВ БОШҚАРАДИ
21.11 ОЛЕГ ТЮЛЬКИН: «ЛОКОМОТИВ» САВИЯ ЖИҲАТДАН БИЗДАН УСТУН»

Видео

UFF.UZ веб-студиясида яратилди.
© 2017. fcdinamo.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
Сайтдан маълумотлар олинганда fcdinamo.uz манзили манба сифатида кўрсатилиши шарт.