Турнинг дастлабки ўйинида Самарқандда «Динамо» меҳмони бўлган «Локомотив» жамоаси жиддий қаршиликка учради. Шиддатли курашларга бой ўтган ўйинда Тошкент жамоаси ўйин сўнггида гол киритиб кўҳна шаҳардан ғалаба билан қайтди.
Ўйиннинг дастлабки дақиқаларидан ҳужумга киришган мезбонлар 10-дақиқадаёк ҳисобни очишлари мумкин эди, аммо Азиз Ибрагимовдан омад юз ўгирди. Унинг бош билан йўллаган зарбасини Нестеров қайтариб қолди.
13-дақиқада эса яна бир қарши ҳужумда Николай Чипев Отабек Зокировни Игнатий Нестеров билан яккама-якка вазиятига чиқарди. Жарима майдони ташқарисида дарвозабонни ортда қолдиришга интилган «Динамо» футболчиси Нестеров томонидан қўполлик билан тўхтатиб қолинди. Бу вазиятда бош ҳакам дарвозабонни сўнгги умид чораси сифатида четлатиш ўрнига уни фақат сариқ карточка билан «сийлади».
Бўлим сўнггига қадар эса меҳмонлар катта устунликка эгалик қилишган бўлишсада, ўйинда ҳисоб очилмади.
Танаффусдан сўнг эса «Темирйўлчилар» таркибида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Бу эса Вадим Абрамов жамоасининг ҳужумкорлигини янада оширди. Бунга тайёр бўлган майдон эгалари эса қарши ҳужумда рақибни жазолашга интилишди. Шундай ҳолатлардан бирида Азиз Ибрагимовга дарвозани ишғол этишга жуда яқин келган бўлса, 75-дақиқада қарши ҳужумда Аваз Агалиевнинг тўп оширишидан кейин Николай Чипев йўллаган зарбани Нестеров қийинчилик билан қайтариб қолди.
79-дақиқада эса меҳмонлар ўйиндаги ғалаба голини киритишди. Қанотдан ҳужум уюштирган Иброҳим Раҳимов тўпни Марат Бикмаевга узатди. Ўз ўрнида Бикмаев ҳам бош билан рақиб дарвозасини ишғол этишга эришди - 0:1.
Кучли рақибга қарши муносиб тўп сурган самарқандлик футболчилар мағлубиятни тан олишдан бошқа имкон топа олишмади.
Олий Лига. 5-тур. 16 апрель (пайшанба)
«Динамо» – «Локомотив» - 0:1
Самарқанд, 10 250 томошабин.
Ҳакамлар: Т. Тўхтасинов (Андижон), М. Саидқосимов (Тошкент), А. Снетков (Тошкент вил.), А. Нажафалиев (Тошкент)
Назоратчи: С. Эрматов (Тошкент).
УзПФЛ вакили: Ш. Ражабов.
Гол: Марат Бикмаев, 79.
«Динамо»: 25.Муҳиддин Худоёров, 4.Бунёд Исроилов, 6.Максимилиан Фомин, 7.Отабек Зокиров (22.Мурод Тўйчибоев, 84), 9.Павел Смоляченко, 10.Азиз Ибрагимов, 16.Акмал Холмуродов, 19.Ислом Шарипов (29.Маъруф Муродов, 70), 26.Комил Шарофутдинов (23.Тимур Шарипов, 77), 33.Николай Чипев, 55.Аваз Агалиев
«Локомотив»: 1.Игнатий Нестеров, 3.Шавкат Муллажонов, 7.Руслан Корян (11.Темурхўжа Абдухолиқов, 70),10.Марат Бикмаев, 17.Салим Мустафоев, 18.Тимур Кападзе, 20.Ислом Тўхтахўжаев, 24.Иброҳим Раҳимов, 28.Икром Алибоев, 33.Олег Зотеев ( 77.Жасур Ҳасанов (катта) 70), 99.Дамир Кояшевич (13.Лутфулла Тўраев, 59).
Огоҳлантиришлар: Игнатий Нестеров 13 - Павел Смоляченко 63, Бунёд Исроилов 90+1. |