Январнинг дастлабки ҳафтаси якунида Тошкентда йиғин бошлаган «Динамо» жамоаси ҳозирга келиб тайёргарлик ишларини қизғин тарзда олиб бормоқда.
Хусусан, Тачмурод Агамуродов ва Камо Газаров қўл остида шуғулланаётган жамоамиз йиғин доирасида дастлаб Тошкентнинг «Пахтакор» клуби билан назорат баҳсида майдонга тушган бўлса, ушбу ҳафтада Навоийнинг «Қизилқум» ва Ғузорнинг «Шўртан» жамоаларига қарши ўйинда ҳам майдонга тушди.
Амалдаги чемпион – «Пахтакор»га қарши учрашувда ўйинда ҳисоб очилмаган бўлса, «Қизилқум» билан баҳсда ҳам томонлар нурсиз дурангга имзо чекишди.
15 январь куни эса «Динамо» йиғин доирасидаги учинчи назорат баҳсини ўтказди. Бу сафар Самарқанд жамоасига яна Олий Лигага қайтган Ғузорнинг «Шўртан» клуби рақиблик қилди. Қизғин курашлар остида ўтган баҳсда жамоамиз сафида кўрикда бўлган ёш футболчи Аминжон Файзуллаевнинг ягона голи «кўҳна шаҳар»ликларга ғалаба келтирди.
Қайд этиб ўтиш жоиз, айни дамда жамоа таркибида бир қатор футболчилар мураббийлар кўригида иштирок этишмоқда. Жумладан, улар орасида туркманистонлик - Александр Болиян ва украиналик Константин Мандриченколар сингари легионер футболчиларни айтиб ўтиш мумкин. Жамоамиз дарвозабони Андрей Мельничук ҳам ўз юртидан қайтиб келган.
15 январь (пайшанба). Назорат учрашуви.
«ДИНАМО» - «ШЎРТАН» - 1:0
Гол: Аминжон Файзуллаев (5)
«Динамo»: Асилбек Омонов, Нодир Санақулов, Ислом Шарипов, Максимилиан Фомин, Элдор Эргашев, Акбар Сиддиқов, Юнус Суюнов, Аминжон Файзуллаев, Омад Тайлоқов, Фаррух Нурлибоев, Азамат Комилжонов.
Иккинчи бўлимда майдонга тушганлар: Андрей Мельничук, Бунёд Исроилов, Илдар Маматказин, Миркомил Лоқаев, Комил Шарофутдинов, Акмал Холмуродов, Искандар Холмирзаев, Абдулазиз Юсупов, Мурод Тўйчибоев, Александр Болиян.
«Шўртан»: Элдор Тожибоев, Умар Эшмуродов, Шавкат Насибуллаев, Мирзакамол Камолов, Шерзод Шарипов, Самандар Шодмонов, Элдор Боймаматов, Виктор Клишин, Суҳроб Бердиев, Игор Таран, Зафар Полвонов.
Иккинчи бўлимда майдонга тушганлар: Жамол Отақулов, Ҳусниддин Ғофуров, Жамшид Ҳошимов, Ғуломҳайдар Ғуломов, Олим Каримов, Маъмур Султонов.
«Динамо» жамоасининг Тошкентдаги дастлабки йиғини 20 январь куни ниҳоясига етади ва жамоа Самарқандга қайтиб келади. |