Тачмурод Агамуродов қўл остидаги «Динамо» жамоаси ўтказилган барча учрашувларни ғалаба билан якунлади. «Бунёдкор», «Андижон» ва бу сафар «Қизилқум» клуби устидан муваффақият қозонилди. Баҳс якунида мураббийнинг фикрлари билан қизиқдик.
«Авваламбор, мухлисларнинг жамоани қўллаб-қувватлашгани учун миннатдорчилик билдираман. Жамоа аввало мухлисларни хурсанд қилиш учун ўйнайди. Шунга жавобан жамоамиз футболчилари катта иштиёқ билан фақат ғалаба учун майдонда бор куч ва имкониятларини ишга солаётганликлари мени қаноатлантирмоқда» - дейди Тачмурод Агамуродов.
- Бугунги таркибда ҳали бу мавсумда бирор маротаба ўйнамаган ҳимоячи Нодир Санақуловнинг пайдо бўлишини ҳеч ким кутмаганди?
- Тўғри, Нодир айрим сабабларга кўра шунча вақт давомида майдонга туша олмаётганди. Аммо, иккинчи даврада у ўз устида жуда кўп ишлади – хусусан сўнгги ҳафта давомида машғулотларда катта куч сарфлаб 5 кг вазн йўқотишга ҳам эришди. Унинг жисмоний ҳолатини инобатга олиб майдонга туширдик. Ҳар ҳолда маҳаллий ёш футболчиларга кўпроқ имконият бериш керак. Бугун унинг ўйинми ёмон чиқмади, бироқ учрашув сўнггида жароҳат олиши ёмон бўлмади. Умид қиламанки, бу жиддий жароҳат бўлмайди.
- «Динамо» сўнгги расмий ўйинини қарийб бир ой олдин «Андижон»га қарши ўтказганди. «Пахтакор» билан ўйин ҳам қолдирилди. Катта танаффус жамоа ўйинига салбий таъсир этмаяптими?
- Албатта, ўйин амалиятисиз қолиш футболчиларнинг ҳолатига ҳам таъсир этади. Шу боис орада «Насаф» билан назорат учрашувини ўтказдик. Имконқадар жисмоний ҳолатни тиклашга интилдик. Олдинда бизни «Машъал» ва «Олмалиқ»қа қарши учрашувлар кутиб турибди. Бу ўйинлар ҳам оғир ўтади. Ушбу баҳсларда ҳам жамоа ғалаба учун бор куч ва имкониятини ишга солади. |