Ўйиндан кейин ҳар икки жамоа бош мураббийлари, учрашув ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашишди.
Даврон Файзиев, «Сўгдиёна» бош мураббийи:
- Умуман олганда, учрашувда қайд этилган ҳисобдан ҳам жамоа кўрсатган ўйиндан ҳам қониқдим десам бўлади. Барча биздан нега сафар ўйинларидан очко билан қайта олмайсизлар деб сўрарди, мана ниҳоят бу серияга ҳам барҳам бердик. Самарқанддан дуранг натижа билан қайтиш яхши натижа. Чунки, биз асосий рақибларимиздан бир очко тортиб олиш билан бирга, икки очкодан маҳрум этдик. Аммо, бу бир очко билан биз вазифани бажариб бўлдик, демоқчи эмасман. Олдинда муҳим ўйинлар турибди. Лигада қолиш учун барча жамоанинг имконияти бор ва ўша клубларнинг имкониятларини 50/50 деб баҳолаган бўлардим.
Равшан Хайдаров («Динамо» бош мураббийи):
- Бугун натижадан қониқмаганимдек, жамоам ўйинидан қониқмадим. Кўрдингиз, майдонда шиддатли, ҳужумкор руҳда ўйин кечди. Анча томошобоп ўйин намойиш этаётган бўлсакда, рақиблар қарши ҳужумларда бизни жазолаб натижа билан қайтишмоқда. Қолаверса, бугун марказий яримҳимоямиздаги муаммолар кўриниб қолди. Азамат Бобожоновнинг дисквалификация сабаб, Илдар Магдиевнинг эса «Насаф» Билан ўртоқлик учрашувда жароҳат олиши натижасида ўйинимизда узилиш кузатилди. Яққол вазиятларда ҳам тўпни дарвозага йўллаб қўйишнинг имкони топилмагани эса омадсизлик, деб ўйлайман. Нима бўлганда ҳам хатолар устида ишлаб, кейинги муҳим ўйинларга тайёргарлик кўрамиз. |