Ёқимсиз анъана давом этди. Ҳар томонлама. Фарғонада мағлубият. Цейтлин бошқарган учрашувда яна пенальти. Бу сафар ҳам 1-турда, биринчи ўйиндан бошлаб «ўйлаб» топилган 11-метрлик нуқта. Ҳакамлар хатосининг «қурбони» ролида яна – «Динамо»…
Чемпионатнинг очилиш маросимида «Динамо» Фарғонада «Нефтчи» меҳмони бўлди. Қизиқарли кечган учрашувда афсуски ўйин қаҳрамони қайсидир футболчи эмас, бош ҳакам Владислав Цейтлин бўлди. Ўйиннинг 28-дақиқасида Мансур Саидовнинг тўп оширишидан кейин ўнг қанотдан «Нефтчи» ҳимоячиси Бахтиёр Ёқубов жарима майдонига кириб келди ва Акмал Бозоровга яқинлашиб ҳеч қандай ҳаракатсиз турган футболчи олдида айнан пенальти ишлаш учун «симуляция» ишлатиб, майдонга қулади. Вазият юз берган жойда турган бош ҳакам Цейтлин эса ушбу вазиятда фарғоналик футболчини айёрлик учун огоҳлантириш ўрнига, Акмал Бозоровни сариқ карточка билан «сийлаб», 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Одатий тарзда пенальтига яқинлашган Анвар Бердиев вазиятни кўкка совурмади, 1:0.
Ушбу голдан сўнг ҳам вазиятни ўзгартириш учун ҳар икки жамоада имкониятлар юзага келди, бироқ стадионга йиғилганлар бошқа гол кўришмади ва ҳакамлар хатоси билан белгиланган пенальти якунда «Динамо»ни очкодан маҳрум этди. Афсуски, бу хато бош ҳакам Владислав Цейтлин «Динамо» иштирокидаги сўнгги ўйинлардаги биринчи хатоси эмас эди. Умид қиламизки, бундай ҳол бошқа қайтарилмайди.
2-турда «Нефтчи» ўз майдонида Бекободнинг «Металлург» жамоасини қабул қилса, «Динамо» Самарқандда «Гулистон»ни меҳмон қилади. Ҳар иккала ўйин 9 март, шанба куни ўтказилади.
Олий Лига-2013, 1-тур. 2 март, шанба
«Нефтчи» (Фарғона) – «Динамо» (Самарқанд) - 1:0 (1:0)
Фарғона, 12302 томошабин.
Ҳакамлар: В. Цейтлин (Тошкент), Х. Шодмонов (Бухоро), А. Цапенко (Тошкент вилояти), Т.Тўхтасинов (Андижон).
Назоратчи: Р. Айтеков (Тошкент).
Гол: Анвар Бердиев (28, пенальти).
«Нефтчи»: Фаррух Турдиалиев, Иқбол Бобоҳонов, Шукурали Пўлатов, Дилёрбек Эрматов, Санжар Асқаралиев, Бахтиёр Ёқубов, Иқбол Акрамов, Сардор Мирзаев, Мансур Саидов, Отабек Исроилов (Шерзод Ҳакимов, 73), Анвар Бердиев (Отабек Зокиров, 66).
«Динамо»: Андрей Мельничук, Акмал Холмуродов, Ахрол Рисқуллаев, Максим Колядин (Тимур Дадашев, 46), Тўлқин Мирзаев (Юнус Суюнов, 76), Нодир Саноқулов, Владимир Киликeвич (Азамат Бобожонов, 64), Абдулла Набиев, Александр Клецков, Акмал Бозоров.
Огоҳлантиришлар: Иқбол Бобохонов (15), Акмал Бозоров (27), Ахрол Рисқуллаев (60). |