Олий лигада қолиш учун курашаётган «Динамо» жамоаси Аҳмад Убайдуллаев қўл остида иккинчи даврани муваффақиятли ўтказмоқда дейиш мумкин. Хусусан, динамочилар 20-турда «Шўртан» устидан муҳим ва чиройли ғалабага эришиб турнир жадвалидаги «тўда»га яқинлашиб олишди.
Бу ўйинда ҳар икки томоннинг ҳам лигада қолиш учун курашаётганлиги сабаб тўқнашувнинг жуда шиддатли ўтиши олдинда маълум эди. Учрашувдаги ғалаба мезбонларни турнир жадвалидаги «қўшни»ларига анча яқинлаштирса, мағлубият «Динамо»ни «Сўғдиёна» каби «тўда»дан қолиб кетишига сабаб бўларди.
Буни яхши тушунган самарқандликлар ўйиннинг илк дақиқаларидан рақибга ҳужумкор ўйинни таклиф этишди. Дастлаб, 5-дақиқада Умид Абдураҳмононинг чамаси 25 метрлардан йўллаган кучли зарбасини меҳмонлар дарвозабони қийинчилик билан майдон ташқарисига чиқариб юборган бўлса, икки дақиқа ўтиб ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур бўлди. Николай Риндюк томонидан ўнг қанотдан етказилган жарима зарбасига Сирожиддин Сайфиев «лаббай» деб жавоб берди ва бош билан меҳмонлар дарвозасини ишғол этди.
Ўйиннинг бундай тус олишини кутмаган Тачмурод Агамуродов шогирдлари, голдан руҳланган «Динамо» футболчиларнинг ҳужумларини қайтаришда хатоликларга йўл қўя бошлашди. 9-дақиқада Сайфиев-Риндюк-Мамадалиевларнинг ўзаро чиройли комбинациясидан сўнг, Суннатилланинг жарима майдони ичидан йўллаган айёрона зарбаси дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди. Ушбу ҳужумни бартараф этишда жароҳат олган ғузорликлар яримҳимоячиси Вадим Афонин майдонни тарк этишга мажбур бўлди ва унинг ўрнига Жаводулло Ибрагимов ўйинга туширилди. Бу ўзгаришдан сўнг, меҳмонлар мезбонларни қарши ҳужумда жазолашга уринишди. Жумладан, 28-дақиқада Мерзляковнинг тўп оширишидан кейин Шаҳбоз Эркинов дарвозабон билан деярли яккама-якка вазиятига чиққан эди, аммо сўнгги паллада мезбонлар ҳимоячиси Дэвид Ония жамоасини муқаррар голдан сақлаб қолди.
Иккинчи бўлим ҳам дастлабкиси сингари Аҳмад Убайдуллаев шогирдларининг ҳужумкорлиги билан бошланди. Биринчи бўлимда ҳам ўзининг тезкорлиги ва фаол ҳаракатлари билан ажралиб турган Иван Нагаев икки дақиқа ичида дебьют голи ва «дубл» қайд этиб ўйингоҳни «ларза»га солди. Дастлаб Дилявер Абибуллаевнинг тўп ошириши билан тезлиги эвазига «Шўртан» ҳимоячиларини ортда қолдириб бирга-бир вазиятда дарвозабонни доғда қолдирган 21 ёшли ҳужумчи, иккинчи голини ҳам худди шу кўринишда киритди. Бу сафар ҳам марказий ҳимоячилар Асрор Алиқулов ва Ҳамза Каримовларнинг хатосидан фойдаланган Иван Нагаев етказиб берилган тўпдан кейин яккама-якка вазиятдан дарвозага тўпни йўллади, аммо тўп ҳимоячилар томонидан қайтарилгач, ҳужумчи иккинчи зарбани бўш дарвоза томон амалга оширди, 3:0.
Учрашувнинг қолган қисмида ҳам мезбонлар ўйин тизгинини йўқотишмади. Улар гоҳида қанотлардан, баъзида эса марказдан ҳужумлар ташкил этиб Алавидзе дарвозасига хавф солиб туришди. Рақиблар эса ўз дарвозаларидан уч тўп ўтказиб юборишгач, ўйинни тушкун кайфиятда давом эттиришди. Баҳс якунигача томонларда ҳисобни ўзгартириш имконияти бўлсада, ўйин «Динамо»нинг мавсумдаги энг йирик ғалабаси билан якунланди.
20-тур. 17 сентябрь (шанба).
«ДИНАМО» – «ШЎРТАН» – 3:0 (1:0)
Самарқанд, 10 150 томошабин.
Ҳакамлар: В. Коваленко (Тошкент) – 9,5, Р. Серазетдинов (Тошкент) – 9,2, О. Дачев (Тошкент) – 9,0, О. Толибжонов (Тошкент) - 9.
Голлар: С. Сайфиев 7, И. Нагаев 50, 51.
«Динамо»: А.Мельничук, Д.Ония, А.Ерохин, Р.Бердимуродов, И.Раҳимов, У.Абдураҳмонов, Д.Абибуллаев (А.Бозоров, 73), С.Мамадалиев, С.Сайфиев, Н.Риндюк, И.Нагаев (В.Клишин, 57).
«Шўртан»: М.Алавидзе, Ҳ.Каримов, А.Алиқулов, А.Юсупов, В.Пономарев, А.Мерзляков, И.Хазигалиев, В.Афонин (Ж.Ибрагимов, 10), П.Агбо, И.Таран, Ш.Эркинов (Э.Одибе, 61).
Огоҳлантиришлар: А. Хвостунов (50), Д. Ония (иккаласи ҳам «Динамо», 90).
Назоратчи: И. Нехочин (Наманган).
Энг яхши футболчилар: И. Нагаев – И. Таран. |