«Динамо» - «Пахтакор» ўйинидан кейин анъанага мувофиқ матбуот анжумани ўтказилди. Дастлаб меҳмонлар устози Равшан Ҳайдаров журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
— 90 дақиқа давомида устунлик биз томонда бўлди. Бироқ вазиятлардан унумли фойдала олмадик. Рақибимиз эса ҳимоявий тактикада тўп суриб, қарши ҳужумлардагина бизни безовта қилишди. Бир неча голли вазиятларни голга айлантира олмадик.
— Бугун яхши ўйнаб турган Фарҳод Тожиевни майдондан олдингиз. Қайтага у Темурхўжа Абдухолиқов билан ҳужумда яхши тандем ҳосил қилмасмиди?
— Фарҳод жароҳатланди. Уни алмаштиришга мажбур бўлдим. Сиз айтаётган тандем ўзимизнинг ҳам режамизда бор эди. Бироқ бугунги ўйиндаги мажбурий алмаштиришлар режаларимизни бузиб юборди.
— Станислав Андреев ҳам жароҳат олган бўлса-да, ўйин охиригача тўп сурди. Уни алмаштириш учун захира йўқмиди сизда?
— Йўқ, Станислав қийин вазиятда майдонда охиригача туриб берди. Ҳақиқатдан ҳам у жароҳатланган эди. Бироқ кўрдингиз олдинги вазиятлардан бирида Акбар Исматуллаевнинг қоши ёрилди ва қон тўхтамади ва уни ҳам алмаштиришга мажбур бўлдик. Агар мана шу жароҳатлар бўмаганда биз бошқачароқ тактикада тўп сурган бўлардик.
— Бугунги ўйинда жамоангизнинг қайси чизиғидан қониқиш ҳосил қилмадингиз?
— Албатта, ҳужум чизиғидан. Яхши вазиятлар яратилган бўлса-да, гол уришнинг уддасидан чиқа олишмади.
— Грузиялик янги легонерингизга ўйин охиригача ўйнаш имконини бердингиз. Унинг ўйинидан қониқдингизми?
— Унинг креатив футболчи эканлиги кўриниб турибди. Ҳали келгуси ўйинларда унинг янги қирраларини очишга, мавжуд маҳоратдан фойдаланамиз. Ўйлайманки, у жамоамизнинг энг керакли футболчиларидан бирига айланади.
— Биринчи даврадаги «Динамо» ва ҳозиргиси орасида қанчалик фарқ сездингиз?
— Кўриниб турибди, жамоанинг ҳимоя чизиғи жуда кучайган. Яхши футболчилар жамланган. Шунинг оқибатида улар бизни бугун икки очкодан қуруқ қолдиришди. |