Терма жамоамизнинг ўртоқлик ўйинлари муносабати билан миллий чемпионатимизда юзага келган қисқа танаффусдан фойдаланган «Динамо» ва «Сўғдиёна» жамоалари ўзаро назорат учрашувини ўтказишди.
Ушбу учрашувда Виктор Жалилов ҳам, Рауф Инилеев ҳам бир қатор футболчиларни синаб кўрди. Ўйин борасида тўхталадиган бўлсак, баҳснинг биринчи бўлими ўртоқлик ўйинига мос равишда футболчиларнинг эҳтиёткорона ҳаракатлари билан ёдда қолди. Ҳар икки жамоа ҳам тўпни кўпроқ ўз назоратига олишга интилди, натижада кураш асосан майдон марказида кечди.
Иккинчи бўлимда эса, мураббийлар асосий таркиб футболчилари ўрнига асосан ўринбосарлар жамоаси вакилларини синаб кўришди. Айнан майдонда ёшларнинг туширилиши учрашувнинг қолган қисмини жонли ўтишини таъминлади. Ҳар икки жамоа ҳам тезкор қарши ҳужумларда рақибини жазолаши мумкин эди. Жумладан ўйиннинг 64-дақиқасида Тимур Айзатулов бошлаб берган ҳужумни Расул Ҳаитов дарвозага киритиши мумкин эди, аммо сўнгги лаҳзада Девид Ония ўз дарвозасини голдан қутқариб қолди. Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида эса, самарқандликларда Жиззахдан ғалаба билан қайтиш учун жуда яхши имконият бўлди. Ёш ва тезкор ҳужумчи Санъатилло Зиёев жиззахликлар ҳимоя қўрғонини ёриб ўтиб, дарвозабон билан яккама-якка вазиятда дарвоза томон чиройли зарба йўллади. Бироқ 18 ёшли ҳужумчининг зарбаси меҳмонлар бахтига дарвоза устунига тегиб қайтди. Ўйиннинг сўнгги дақиқалари ҳужумкор руҳда ўтган бўлсада, жамоаларнинг жорий йилдаги ўзаро иккинчи ўйинида ҳам ҳисоб очилмади. Бундан аввал, чемпионатнинг 1-тури доирасида «Сўғдиёна» ва «Динамо» жамоалари Жиззахда муроса йўлини танлашган эди.
Назорат учрашуви. 3 июнь (жума).
Жиззах, 100 томошабин.
«Сўғдиёна» (Жиззах) - «Динамо» (Самарқанд) – 0:0
«Динамо»: А.Ашуров (Е.Сафонов, 65), Д.Усмонов (А.Сиддиқов, 68), Д.Ония, У.Қобилов, А.Шашков (О.Турсунов, 46), А.Бозоров, Г.Егоров, Ю.Романюк (Н.Сафаров, 65), Т.Қобилов, Ж.Искандаров, В.Клишин (С.Зиёев, 55). |