Самарқандлик мухлисларни узоқ куттириб қўйган гол ва ғалаба ниҳоят 9-турда «Андижон» жамоасига қарши баҳсда қўлга киритилди. Шиддатли ва қизиқарли ўтиши кутилган тўқнашувда кўпчилик учун кутилмаганда анча кучли бўлган «Андижон» кўҳна шаҳарда жиддий қаршиликка учради.
Олдинги учрашувлардаги қониқарсиз натижалар «Динамо»ни сўнгги ўринга тушириб қўйган эди. Шу боис ушбу баҳс олдидан Виктор Жалилов шогирдларининг олдида ўйинда ғалаба қозонишдан бошқа ҳеч қандай йўл йўқ эди. Буни яхши тушунган самарқандлик футболчилар учрашувга қанчалик тайёр эканликларини илк дақиқалардан кўрсатишди. Бирин-кетин ҳужумлардан сўнг учрашувнинг 12-дақиқасида динамочилар ўз майдонларида ушбу мавсумдаги илк голни киритишди. Ҳозиргача жамоанинг ягона ва сафардаги илк голига муаллифлик қилган Сергей Грибанов ўнг қанотдан оширилган тўпни бош билан Ғайрат Ҳасанов дарвозасига жойлаб қўйди, 1:0.
Голдан руҳланган мезбонлар ҳужумкорликни янада кучайтиришди. Шахсан «оқ-кўк»ларнинг украиналик ҳужумчиси Сергей Грибановда ҳисобни яна ошириш учун яхши имкониятлар бўлди. Шундай вазиятлардан бирида тезкор ҳужумчи ўйиндаги «дубли»ни қайд этди. Ушбу вазиятда меҳмонлар жарима майдонида ҳимоячилар ва дарвозабоннинг хатосидан унумли фойдаланган ҳужумчи иккинчи бор ўйингоҳни «ларза»га келтирди, 2:0.
Ўйиннинг бундай тус олишини кутмаган водийлик футболчилар икки голдан кейин анча саросимага тушиб қолишди. Ўз ўрнида бундай имкониятни қўлдан бой бермаган кўҳна шаҳарликларнинг ҳужумлари тобора хавфли кўриниш ола бошлади. Баҳснинг 34-дақиқасида «Андижон» футболчилари деярли ғалабадан умидларини узишди. Бу ҳолатда ўнг қанотдан фаоллик кўрсатиб жарима майдонига ёриб кирган Шерзод Зайниевни меҳмонларнинг легионер ҳимоячиси Александр Половков чалиб йиқитишга мажбур бўлди ва бош ҳакам ҳеч иккиланмай 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Тажрибали Сирожиддин Сайфиев дарвозабон билан ўзаро «дуэл»да, алдамчи зарбаси билан Ғайрат Ҳасановни ўз дарвозасидан учинчи маротаба тўп олиб чиқишга мажбур қилди, 3:0.
Биринчи бўлимда тўпни назорат қилиш бўйича яхши таасурот қолдирган Ориф Маматказин шогирдлари иккинчи бўлимда ҳужумкорликка ҳам урғу беришди. Мезбонлар эса ҳисобдан қониқиш ҳосил қилиб, имкон бўлди деганча қарши ҳужумда ҳаракат қилишди. Натижада андижонлик футболчиларда ҳисобни ўзгартириш учун имкониятлар юзага кела бошлади. Дастлаб, 50-дақиқада Бахтиёр Ҳамидуллаевнинг ўнг қанотдан ошириб берган тўпини Лочинбек Солиев бош билан Сафонов дарвозасига йўллади ва дарвозабонинг маҳорати жамоани голдан қутқариб қолди. 65-дақиқада меҳмонлар оддий кўринган ҳужумни гол билан якунлашди. Бурчак зарбасидан кейин майдон эгаларининг ҳимоядаги ўзаро тушунмовчиликлари Илдар Маматказнинг кучсиз, аммо аниқ зарбаси билан интиҳо топди, 3:1.
Ўйиннинг қолган қисмида ҳам ҳисобни ўзгартириш учун ҳар икала томонда вазиятлар бўлди. Айниқса, Сергей Грибанов сўнгги дақиқаларда қулай имкониятлардан фойдалана олмади, акс ҳолда ҳисоб бошқача кўриниш олиши мумкин эди. Бир сўз билан айтганда, ўзини узоқ куттириб қўйган ғалаба, шу куни мухлисларга ажойиб ўйин билан ҳавола этилди.
Самарқанд, 3517 томошабин.
«Динамо» (Самарқанд) – «Андижон» (Андижон) – 3:1 (3:0)
Голлар: С.Грибанов, 12, 28, С.Сайфиев, 34 (пен.) – И.Маматказин 65.
Ҳакамлар: С.Зайлобиддинов (Фарғона) – 9,0; Ҳ.Шодмонов (Бухоро) – 9,2; Б.Қодиров (Бухоро) – 9,3; Р.Бобомуродов (Навои) – 9,0;
«Динамо»: Е.Сафонов, Д.Ония, У.Қобилов, С.Мустафоев, Д.Усмонов, Г.Егоров, У.Абдураҳмонов, Ю.Романюк, Ш.Зайниев (С.Ғаффоров, 78), С.Сайфиев (Т.Қобилов, 65), С.Грибанов (Ш.Нурматов, 88).
«Андижон»: Ғ.Ҳасанов, А.Половков, Ш.Раимқулов, А.Касьян, И.Маматказин, И.Отахонов (Д.Жоржевич, 55), О.Қиличев, М.Умрзоқов (А.Хворостьянов, 54), Б.Ҳамидуллаев, М.Тошматов, Л.Солиев.
Огоҳлантиришлар: У.Абдураҳмонов (18) – Ш.Раимқулов (19)
Энг яхши футболчилар: С.Грибанов – О.Қиличев.
Назоратчи: С.Эрматов (Тошкент). |