Афсуски, «Динамо»нинг жорий йилдаги омадсизлиги «Навбаҳор»га қарши ўйинда якун топмади. Минглаб мухлислар қаршисида Наманган жамоасини қабул қилган Виктор Жалилов шогирдлари бу сафар ҳам мағлубиятни қарши олишга мажбур бўлишди. Эътиборлиси, «Навбаҳор» етти йилдан буён Самарқанддан очкосиз қайтаётганди, бу сафар Элдор Сакаев жамоаси нохуш анъанага чек қўйди.
Учрашув ўтган ўйинлардагидек «Динамо»нинг устунлигида бошланган бўлсада, вазиятлардан фойдаланиш бобида ҳали ишлаш лозимлиги илк дақиқалардан кўринди. Қарши ҳужумда ҳаракат қилган меҳмонлар ҳам ўз ҳужумлари билан ҳимоямиздаги кемтик ўринларни кўрсатиб берган бўлишса ажаб эмас. Иккинчи бўлимда водийликларнинг айнан тезкор қарши ҳужумдаги ҳаракатлари ўз самарасини берди. Ўйиннинг 56-дақиқасида тўп «Навбаҳор» жарима майдончасидан ҳужумга интилаётган Рўзим Ахмедов томон узатилди. Бу вазиятда ҳимоячилар тўпга улгуришмаган бўлишса, дарвозабон ҳам тўпга чиқишда хатоликка йўл қўйди. Бундан эса воҳалик ҳужумчи Рўзимбой Ахмедов жуда унумли фойдаланиб, деярли бўш дарвозани ишғол этди, 0:1.
Ўйин якунигача ҳам учрашувдаги ҳолат ўзгармади, мезбонлар бор эътиборни ҳужумга қаратишди, меҳмонлар эса тезкор қарши ҳужум пайида бўлишди. Қатор имкониятлар яна кўкка совурилди. Гоҳида футболчиларда аниқлик етишмаса, гоҳида омад юз ўгиришда давом этди. Якунда эса, «Динамо»нинг голсиз серияси тўрттага етди ва мавсумдаги учинчи мағлубият.
Самарқанд, 5109 томошабин.
«ДИНАМО» - «НАВБАҲОР» - 0:1 (0:0)
Гол: Рўзимбой Аҳмедов (55).
Ҳакамлар: О. Толибжонов (Тошкент) – 8,2, Р. Самандаров (Навои) – 9,2, О. Жумаев (Навои) – 9,4, А. Ахмадгалеев (Тошкент вил.) - 9.
«Динамо»: А.Ашуров, Д.Ония, Ш.Зайниев, С.Грибанов (Ш.Нурматов, 75), С.Мустафоев, Ю.Романюк (С.Гаффаров, 64), У.Қобилов, С.Сайфиев (А.Бозоров, 57), Г.Егоров, Д.Усмонов, В.Клишин.
«Навбаҳор»: Э.Жабборов, Ж.Отақулов, А.Тоиров, Р.Қурбонбоев, Б.Амонов, Ш.Насибуллаев, О.Валижонов, В.Почуев, Ғ.Жўраев (А.Маҳмудов, 61), Р.Ахмедов (А.Абдуллаев, 90+1), А.Шадрин (Жасур Бобоев, 81).
Огоҳлантиришлар: Ш. Зайниев (41), В. Клишин (63) – Б. Омонов (21), Р. Ахмедов (56), Р. Курбанбаев (64).
Назоратчи: Б. Галеев (Урганч).
Энг яхши футболчилар: Д. Ония – Р. Ахмедов. |