Учрашувдан кейин биз ҳар икки жамоа бош мураббийларнинг ўйин борасидаги фикрини билиш мақсадида уларни суҳбатга тортдик. Мезбонлар мураббийидан кейин, самарқандликлар устози фикри билан қизиқдик.
Виктор Жалилов («Динамо» бош мураббийи):
- Афсуски, биз учрашув давомида кўрсатилган ўйинимизни ҳисобда акс эттира олмасликда давом этаяпмиз. Жиззахда ҳам, «Бухоро» билан ўйинда, бугун эса «Машъал»га қарши. Шунча имкониятлар юзага келтирилаяпти, самарадорликда эса ишимиз юришаётгани йўқ. Бу борада жиддий ишлашимиз керак.
- Мағлубиятнинг бош сабабчиси дея, қайси омилни кўрсатган бўлардингиз?
- Ўйинни кузатган бўлсангиз, «Машъал» бугун ўйиндан эмас, ўша индивидуал ҳаракат туфайли бизни мағлуб этди. Биз эса қатор имкониятлардан фойдалана олмай, жазоландик.
- Дарҳақиқат, ўтган икки ўйинда ҳам жамоангиз мағлубиятга лойиқ бўлмай, имкониятни бой бермоқда…
- Кўп нарса омадга ҳам боғлиқ, бироқ биринчи навбатда биз яна кўпроқ ишлашимиз керак. Айниқса вазиятлардан унумли фойдаланиш борасида жиддий ўйлашимиз кераклигини бугунги ўйин яна бир карра кўрсатди.
- Бу ўйинда деярли янги ҳимоя чизиғини кўрдик?
- Бунга мажбур эдим. Асосий футболчимиз Девид Ония дисквалификация туфайли, Геннадий Егоров эса жароҳати боис ўйинда иштирок эта олмади. Уларнинг ўрни бугунги учрашувда ҳам билинди. Энди бу ўйинни ҳам эсдан чиқариб, навбатдаги тур ўйинига жиддий тайёргарликлар олиб борамиз.
Усмон Ибодов суҳбатлашди. |