«Сўғдиёна» - «Динамо» учрашувидан кейин биз ўйин борасидаги фикрларини билиш учун ҳар икки жамоа бош мураббийларини суҳбатга тортдик. Дастлаб саволларимизга мезбонлар мураббийи Рауф Инилеев жавоб берди.
- Учрашувдаги ҳисоб ва шогирдларингиз ўйинидан қониқдингизми?
- Ҳар ҳолда ушбу ўйин ҳар икки жамоа учун чемпионатдаги илк баҳс эди. Ўйингоҳни тўлдириб ўтирган ҳар икки жамоа мухлисларидан тортиб, футболчиларгача ҳаяжон бор эди. Бу бизнинг ўйинимизда ҳам намоён бўлди. Шогирдларим ўйинидан ҳам, учрашув натижасидан ҳам қониқдим дейишим мумкин. Чунки, бугун барча ҳақиқий жанговор руҳдаги шиддатли футбол гувоҳига айланди. Шунчаки, тўп дарвозалардан ўрин олишни истамади шекилли, бугун мухлислар гол кўра олишмади. Ўйиндаги ҳисоб адолатли бўлди.
- Айтингчи, янги мавсум олдидан жамоа олдига қандайдир вазифалар қўйилганми?
- Биласизми, Биринчи лигадан чиққан жамоанинг биринчи навбатдаги вазифаси бу Олий лигадан муқим ўрин олиш ҳисобланади. Бу битта бизда эмас, ҳамма жойда шунақа. Шундай экан, биз максимал вазифаларга ҳаракат қиламиз, минимум эса мавсум якунида чемпионатда ўз ўрнимизни сақлаб қолиш бўлади. |