Зарафшонда кечган «Қизилқум» - «Динамо» учрашуви якунланди. Қизиқарли ва шиддатли кечиши кутилган учрашув ҳақиқатдан ҳам курашларга бой ўтган бўлсада, самарқандликларнинг навбатдаги мағлубияти билан якунланди.
Афсуски, «Динамо» ҳозирча сафардан бир очко ҳам қўлга кирита олгани йўқ. Шанба куни ҳам биринчи бўлим тенгкурашлар остида кечган бўлсада, бўлим охирида зарафшонликлар стандарт вазиятдан фойдаланишга эришдилар. Бурчакдан Леонид Кошелев томонидан етказилган тўп, Олим Навкаровга тегиб дарвозадан ўрин олди. 1:0.
Иккинчи бўлимни Абдураимов шогирдлари юқори иштиёқ билан бошлашган бўлишсада, дастлабки ўн дақиқаликда вазиятлардан фойдалана билишмади. Ниҳоят, ўйиннинг 56-дақиқасида «Қизилқум» жарима майдонида мезбонлар футболчимизга нисбатан қўполлик ишлатишди ва бу қоида бузилишини ФИФА ҳаками Равшан Эрматов ўз вақтида пайқаб, Андрей Мельничук дарвозаси томон 11 метрлик жарима тўпини белгилади. Тўпга яқинлашган Сирож Сайфиев мўлжалда адашмади. 1:1.
Ушбу голдан кейин ҳисобда бўлгани каби, ўйинда ҳам тенгкураш кузатилган бўлсада яна бир бурчак тўпидан кейин «олтин изловчилар» жамоаси ҳисобда олдинга чиқиб олди. Бу сафар ҳам Кошелевнинг ажойиб тўп оширишидан кейин, Олим Навкаров ўйиндаги дублини қайд этди. 2:1.
Зарафшонликлар ҳисобда олдинга чиқиб олишгач, ўйин «темп»ини бироз тушириб ҳаракат қилишди. Буёғига самарқандликлар хавфли ҳужумларни деярли юзага келтира олишмади. Ўйин сўнгида эса ҳужумга зўр берган Сергей Арслонов шогирдлари Шерали Жўраевнинг зарбасидан кейин Денис Романенко дарвозасини ўйинда учинчи маротаба ишғол этиб, янги бош мураббийлари қўл остида илк ғалабаларини тантана қилишди. 3:1.
Зарафшон, «Прогресс» стадиони, 3250 томошабин
«ҚИЗИЛҚУМ» - «ДИНАМО» - 3:1 (1:0)
Ҳакамлар: Р. Эрматов (Тошкент) - 9.6, Р. Ильясов (Тошкент) - 9.4, М. Саидқосимов (Тошкент) - 9.4, А.Рубаков (Тошкент) - 9.
Голлар: О.Навкаров (45,65), Ш.Жўраев (89) - С.Сайфиев (56,пенальти)
Огоҳлантиришлар: В.Почуев (18)-И.Юнусов(36),И.Салтанич(66)
Энг яхши ўйинчилар: О.Навкаров – Ж.Ирисметов
Назоратчи: И. Нехочин (Наманган). |