Учрашувдан кейин ҳар икки жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов журналистлар саволларига жавоб берди.
- Бугун мухлислар ажойиб ўйин гувоҳига айланишди. Анча шиддатли ўтган ўйин ва ғалаба учун футболчиларимга миннатдорчилигимни етказмоқчиман. Чунки, футболчиларим ўйин тўқсон дақиқа давом этишини бугун исботлаб, «Динамо»дан ғалабани тортиб олишди. Жамоа ўйин охиригача курашди ва ҳақли ғалабага эришди. Футболчилар барча кўрсатмаларимни тўғри бажаришди, деб ҳисоблайман. Самарқанд жамоаси ҳақида ҳам фақат илиқ гаплар айтишим мумкин. Очиғи, «Динамо» шундай ўйини билан юқорироқ ўринлар учун ҳам курашса бўлади. Жамоадаги ҳимоячи Девид Ония, ярим ҳимояда Эркин Бойдуллаев, Илҳом Юнусовларнинг ўйини ҳар қандай жамоага ташвиш келтиради. Жаъфар Ирисметов эса қандай ҳужумчи эканлиги барчага маълум. Унинг вазиятлардан қандай фойдаланиши таҳсинга сазовор. Саҳоб Жўраевнинг олган жароҳати бўйича ҳозирча бир нарса дейишим қийин. Аммо, билишимча унинг жароҳати унчалик жиддий эмас. Янада аниғини 1-2 кунда билиб оламиз. Ҳакамлар ишига аралашиш менинг ишим эмас, аммо бугунги ўйиндаги айрим хатолар кўрсатдики, айрим ҳакамларимиз ҳали яна ўз устларида ишлаб билим олишлари керак.
- “Бунёдкор” сафини бир қатор етакчи футболчилар тарк этишига қарамасдан, жамоа барқарорликни сира ҳам йўқотгани йўқ. Бунга қандай эришяпсизлар?
- Бу – футбол! Жамоага кимдир келади, кимдир кетади. Битта таркиб билан бир неча йил ўйнаб бўлмайди. Етакчилар кетган бўлса, заҳирада қолиб кетаётганлар бор, ёшлар бор. Бу бўлиб келган ва бундан кейин ҳам бўладиган ҳолат.
- Бугун жамоангиз айнан сиз хоҳлаган ўйинни кўрсата олдими?
- Ҳа, кўрсатди. Яна бир нарса. 0:1 ҳисобида ютқазаётганимизда заҳирадан майдонга тушган Анвар Ражабов ўйинимизни кучайтира олди. Буни инкор этиб бўлмайди. |