Кутилганидек турнинг энг қизиқарли ва шиддатли учрашувларидан бири Самарқандда кечди. Мамлакатнинг амалдаги чемпиони «Бунёдкор» жамоасини қабул қилган кўҳна шаҳарликлар сўнгги дақиқаларда аламли тарзда ғалабани қўлдан бой бериб қўйишди.
Иккинчи давранинг даслабки тўрт учрашувини кетма-кет сафарда ўтказиб, қатор мағлубиятларга учраган «Динамо» футболчилари бу сафар фақат ғалабани кўзлаб майдонга тушишганди. Аммо… Умумун олганда, Азамат Абдураимов шогирдлари таслим бўлишгани йўқ, мамлакат чемпионига муносиб қаршилик кўрсатган ҳолда енгилишди. Тан олиш керак, бу ғалаба “қалдирғочлар” учун осонликча қўлга киритилмади.
Биринчи бўлимда яққол голга тортадиган вазият рўй бермаган бўлса-да, иккала жамоа аъзолари ҳам ҳужумкор ўйин кўрсатишди. Бундай ҳужумкор футбол шу куни «Динамо» Марказий стадионига ташриф буюрган ўн мингдан зиёд мухлисларга анча манзур бўлган эрсада, уларга биринчи бўлимда гол кўриш насиб этмади.
Иккинчи бўлимни эса мезбонлар анча ҳужумкор бошлашди. Ниҳоят, бунинг самараси сифатида ўйиннинг бир соати якунланаётган бир пайтда «Динамо» стадиони ларзага келди. Қанотдан жарима тўпини амалга оширган Илҳом Юнусов тўпни тўппа тўғри жарима майдонига етказди. Тиқилинч вазиятда тўп Жаъфар Ирисметовга тушди ва тажрибали ҳужумчи тўпни ноқулай ҳолатда турганига қарамай кучсиз зарба билан Игнатий Нестеров дарвозасини ишғол этди. Эътиборлиси, биринчи даврадаги ушбу жамоаларнинг ўйинида ҳам тўпурар ҳужумчи айнан 62-дақиқада «Бунёдкор» дарвозасини ишғол этган эди. Афсуски, биринчи даврадан ҳали яна бир ўхшашлик бор эди… 1:0.
Самарқандликлар ҳисобда олдинга чиқиб олишгач эътиборларини асосан ҳимояга қаратиб, қарши ҳужумда тўп суришга интилишди. Аммо, тошкентлик футболчилар қатор ҳужумлар уюштириб стандарт вазиятларидан кейин дастлаб ҳисобни тенглаштиришди, кейин эса ғалабани илиб кетишди. Дастлаб, 77-дақиқада бурчакдан оширилган тўпни ҳимоячи Анзур Исмоилов бош билан қийинчиликсиз дарвозани тўрини ишғол этиб, ҳисобни тенглаштирди. 1:1.
Ўйин якунланишига саноқли дақиқалар қолганида меҳмонлар яна бир бурчак тўпидан кейин ҳимоядаги пала-партишликлар оқибатида Самарқанддан ғалаба билан қайтишадиган бўлишди. Ҳимоячи Гочкули Гочкулиевнинг кучсиз зарбаси Романенко дарвозасининг ишғол қилиниши билан интиҳо топди. Биринчи даврадаги ўхшашлик ҳам мана шу эди. Бу ўйинда ҳам самарқандликлар етарлича қаршилик кўрсатган ҳолда «қалдирғочлар»га аламли мағлубиятга учрашди. 1:2
12 сентябрь. Самарқанд, 10 201 томошабин.
«Динамо» – «Бунёдкор» - 1:2 (0:0)
Ҳакамлар: С.Зайлобиддинов – 9,0; Н.Тошматов – 8,4; С.Петров – 8,8; И.Ибрагимов – 9,0
Голлар: Ирисметов 62 (1:0), Исмоилов 77 (1:1), Гочгулиев 83 (1:2)
«Динамо»: Д.Романенко, С.Мустафоев, Д.Ония, И.Солтанич, А.Николаев, Э.Бойдуллаев, А.Бозоров (С.Доценко 72), И.Юнусов, С.Сайфиев, А.Крикливий (Т.Васильев 60), Ж.Ирисметов.
«Бунёдкор»: И.Нестеров, Г.Гочгулиев, А.Исмоилов, А.Хвостунов, С.Жўраев (А.Ғофуров 37), А.Ҳайдаров, Ҳ.Ҳошимов (А.Ражабов 74), Р.Мельзиддинов (Я.Мандзукас 65), В.Карпенко, Т.Кападзе, Б.Калевич
Огоҳлантиришлар: Р.Мельзиддинов 27, Ж.Ирисметов 36, Э.Бойдуллаев 55, В.Карпенко 72, С.Мустафоев 87, Б.Калевич 89
Назоратчи: А.Абдуллаев. |