Шанба куни Андижондаги «Соғлом Авлод» ўйингоҳида «Андижон» ҳамда Самарқанднинг «Динамо» жамоалари ўртасида қизиқарли баҳс бўлиб ўтди. Кутилганидек учрашув анча муросасиз ва кескин курашларга бой бўлди.
Ўйиндан олдин мезбонлар таркибидаги барча футболчиларда майдонга тушиш имконияти бўлса, кўҳна шаҳар чарм тўп усталари сафида Жаъфар Ирисметов, Эркин Бойдуллаев ва Акмал Бозоровларнинг маълум сабабларга кўра Андижонга ташриф буюришмаганди.
Кутилганидек мезбонлар илк дақиқалардан ўйин тизгинини ўз қўлларига олишга ҳаракат қилишди. Аммо, «Динамо» мураббийлари водийликларнинг ўйин услубини пухта ўзлаштиришган шекилли, майдон эгаларининг ҳужумларини қийинчиликсиз қайтариб туришди. Айниқса, самарқандликлар ҳимоя қўрғонида нигериялик ҳимоячи Девид Ония анча фаол ва хушёр ҳаракат қилди. Бўлим ўрталарига келиб кураш асосан майдон марказида кечди. Сафарда бўлгани учун Азамат Абдураимов шогирдлари шу куни қарши ҳужум тактикасида тўп суришди. «Оқ кўклар» ҳужум чизиғида тўп сурган тезкор Тимур Васильев жамоасининг қарши ҳужумларида хавфли вазиятларни юзага келтирган бўлсада, вазиятлардан унумли фойдаланишда оқсади. Умуман олганда «Динамо»нинг юқорида тилга олинган футболчиларининг майдонда йўқлиги билинди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Зеро, 50-дақиқада Карим Израилов томонидан киритилган голда «Динамо» ҳимоячилари сунъий ўйиндан ташқари ҳолати юзага келтириш арафасида ўнг қанот футболчиси вазиятда қолиб кетганди. Ўнг қанот ҳимоячиси Акмал Бозоровнинг йўқлиги билинди… Мезбонларнинг ҳужумларини бузишда ва ўз жамоасининг ҳужумларини бошлаб беришда ҳам жамоада нўноқлик кузатилди. Хусусан, жароҳати туфайли водийга бора олмаган Эркин Бойдуллаевнинг йўқлиги яққол билинди.
Уюштирилган ҳужумлар чоғида эса «Динамо» ҳужумчиларига совуққонлик ва тажриба етишмади, дейиш мумкин. Афсуски, бу борада ҳам жамоа тўпурари Жаъфар Ирисметовнинг эсламасликнинг иложи йўқ. Ушбу тажрибали ҳужумчи бўлганида балки ҳисоб бошқача кўриниш олармиди…
Сўнгги ўн дақиқаликда меҳмонлар томонидан уюштирилган ҳужумлар «ёмғири» бесамар кетди. Ҳатто, Девид Ониянинг ҳам ҳужумдаги ёрдами таблода ўз аксини топмади.
Муросасиз ўтган қарама-қаршиликда «Андижон» «Динамо» устидан кичик ҳисобда ғалаба қозониб «Динамо»ни олтинчи ўриндан икки поғона пастлашига мажбур қилди ва ўзи ўша ўринга чиқиб олди. Энди, «Андижон»га қарши учрашувдан сўнг «Динамо»ни 21 августда Наманганда «Навбаҳор» билан, 26 август куни эса Фарғонада «Нефтчи»га қарши ўта муҳим учрашувлар кутиб турибди.
14 август.
Андижон. 11, 334 томошабин.
«АНДИЖОН» - «ДИНАМО» - 1:0 (0:0)
Ҳакамлар: В.Коваленко – 9,0, Р.Ильясов–9.0,Ж.Саидов–9.0
Гол: К.Израилов (50)
«Андижон»: И.Михайлов, А.Половков, Т.Яфаров (А.Шорахмедов, 46), А.Тоиров, Д.Бокал, И.Отахонов (Р.Раҳмонов, 89), А. Никитенко, К.Израилов, М.Камолов, Ш.Мирхолдиршоев, Б.Хамидуллаев (Л.Солиев, 72),
«Динамо»: Д.Романенко, Д.Ония, С.Доценко (У.Қобилов, 67), И.Солтанич, Ж.Ҳамроев (Т.Қобилов, 82), А.Николаев, И.Юнусов, У.Абдураҳмонов, Т.Васильев, С.Сайфиев, А.Крикливий (Ҳ.Раҳмонов, 76).
Огоҳлантиришлар: У.Абдурахмонов(44), С.Доценко(78) (иккаласи ҳам «Динамо»)
Назоратчи: А.Арутюнов |