Учрашувдан кейин «Динамо» бош мураббийи Азамат Абдураимовнинг ўйиндан кейинги фикрлари билан қизиқдик.
- «Афсуски, ўйиннинг бошида ўтказиб юборилган голлар, ўйиндаги режаларимизни қийинлаштирди», - дея учрашув ҳақида сўз очди «Динамо» бош мураббийи.
- Биринчи бўлимга нисбатан иккинчи бўлимда тўп билан муомалада кўпроқ бўлдик, вазиятлар содир этдик. Аммо вазиятлардан фойдаланишда, оқсадик. Иккита голдан кейин икки ҳужумчи билан ўйинни давом эттирдик. Иккинчи бўлимда «Насаф»дек кучли рақибга қарши тенгма-тенг кураш олиб боришимиз мумкинлигини футболчилар ҳам тушунишди. Аммо юқорида айтганимдек, фақатгина ҳужумни самарали якунлашда аниқлик етишмади. Умуман олганда ўйин менга ёқди.
- Бугун Хвостунов ва Николаев нима учун майдонга туширилмади?
- Ўйиндаги асосий муаммоларимиз ҳимоя чизиғи эди. Ҳар икки ҳимоячимизни ҳам жароҳатлари безовта қилаётган эди. Шу боис уларнинг ўрнида бошқа футболчиларни синаб кўрдик. Умид Абдураҳмонов ҳам ўнг қанот ярим ҳимоясида орқага қайтиб ҳаракат қилди. Шу боис ҳужумда ўйинимиз унчалик қовушмади.
- Учрашувда ҳакамлар хатоларга йўл қўйишди. Ҳакамлик борасида фикрларингиз?
- Ўйиндан кейин ҳакамлик борасида гапиришдан ҳожат йўқ. Ҳакамлар хатоларга йўл қўйди, аммо бу хатолар ўйин натижасига таъсир этгани йўқ. Учрашув бошида иккита гол ўтказиб юборганимиз, ўз таъсирини кўрсатди. Энди эътиборимизни «Олмалиқ»га қарши ўйинга қаратамиз. |