Дастлаб саволларимизга «Нефтчи» жамоаси бош мураббийи Юрий Саркисян жавоб берди.
- «Бугун бош ҳакам ўйинимизни барбод қилди» - дея сўз очди Юрий Вазгенович ўйиндан кейинги фикрларини билдираркан.
- Биз учрашувни яхши бошладик. Аммо, 2-дақиқадаёқ бош ҳакам пенальтини белгиламади. Шунга ҳам қарамай, биз ҳужум қилишда давом этдик ва ўйин бошида ҳисобда олдинга чиқиб олдик. Аммо, кўп ўтмай бош ҳакам оддий ҳолатда футболчимизни четлаштирди. Шундан кейин биз қийин аҳволда қолдик. Ахир, менинг қўлимда Бразилия терма жамоаси йўқ-ки, мен 9 ёки 10 киши бўлиб ўйнаб ғалаба қозонсам. Мана шу четлатишдан кейин ўйинни секин аста рақибга топшириб қўйдик. Ҳайроман, турларда ҳам Зарафшонда худи шундай бўлди. Ғалаба қозонаётган эдик, аммо оддий вазиятлардан бирида футболчимиз четлаштирилди ва биз ўйинда мағлуб бўлдик. Хуллас, бугунги ҳакамнинг хатолари ўйин натижасига таъсир кўрсатди.
- «Нефтчи» сўнгги ўйинларда «Бунёдкор», «Пахтакор» ва «Динамо»га қарши ўйин ўтказди. Сизнингча, ушбу ўйинларидан қай бири энг оғир учрашув бўлди?
- Аниқ кўрсатиш қийин. Ҳозирда ҳамма жамоа кучли. Яъни футболчиларнинг кучлари деярли тенг. «Бунёдкор» билан ёмон ўйнаганимиз йўқ, аммо ўша ўйинда ҳам ҳакам пенальтини бермаганди. «Пахтакор» ва «Динамо»га қарши ҳам ёмон ўйнаганимиз йўқ. Бугун шунингдек бир нечта футболчимиз аниқ сабабларга кўра майдонга тушмади. Уларнинг ўрни ҳам билинади, албатта. Умуман олганда яқинда ҳисоблаб чиқдим, сўнгги икки йил ичида жамоамнинг асосий футболчиларидан 12 киши тарк этибди. Уларнинг ўрнига эса, мен водий ёшларини таркибга киритдим. Ушбу жиҳатлар ҳам натижаларимизга таъсир қилади. |