Турнир жадвалида ёнма-ён бораётган «Динамо» ҳамда «Қизилқум» жамоалари ўртасидаги ўйин олдиндан қизиқарли ўтиши кутилаётган эди. Бироқ, шу куни ўйингоҳга йиғилган мухлислар навбатдаги нурсиз дуранг гувоҳига айланишди.
Учрашув бош ҳаками Владислав Цейтлиннинг ўйин бошланганлигини билдирувчи ҳуштаги янграгач, илк дақиқалардан майдон эгалари тўпни кўпроқ ўз назоратларида сақлашни ва рақибни тўпсиз қолдиришга интилишди. Майдон марказида Юнусов ва Бойдуллаевнинг ҳаракатлари туфайли устунлик ўрнатган самарқандликлар яқин тўп оширишлар билан рақиб жарима майдонига киришга ҳаракат қилишди, бироқ дастлабки ярим соатликда бунинг самараси кўринмади. Ўтган турда «Бунёдкор» билан дуранг натижа қайд этган зарафшонликлар эса асосан ўнг қанотда Жасур Ҳасанов орқали ҳужумлар ташкил этишга интилишди. Ўйиндаги илк хавфли вазият 7-дақиқада еттинчи рақамдаги Илҳом Юнусов томонидан юзага келтирилди. Жарима майдони ташқарисида икки ҳимоячини ортда қолдирган яримҳимоячининг кучли зарбаси дарвозадан бироз ноаниқ кетди. Рустам Забиров шогирдлари эса биринчи голли вазиятни 11-дақиқада вужудга келтиришди. Қанотдан етказилган тўпни навоиликлар легионер футболчиси Андрей Ерохин бош билан Романенко дарвозаси томон йўллади, мезбонлар дарвозабони эса хавфни бартараф этди. Ўйин ўрталарига келиб кураш асосан майдон марказида кечди. 33-дақиқада эса кўҳна шаҳарликлар жарима майдони ташқарисидан стандарт вазиятни амалга ошириш имкониятини қўлга киритдилар. Чамаси 30 метрлардан белгиланган зарбани Алексей Николаев кучли зарб билан йўллади ва кўпчилик дарвоза ишғол этилди, деб ўйлаган бир пайтда тўп сантиметрлар ноаниқ кетди.
Ушбу натижа меҳмонлардан фарқли ўлароқ, Азамат Абдураимов шогирдларини қониқтирмаслиги аниқ эди. Шу сабабли, иккинчи бўлимнинг бошидан ўйинга яна бир ҳужумчи Александр Крикливый туширилди. Бироқ, бу футболчи ҳам «Динамо» ҳужумларининг кескинлашувига таъсир қилмади. Шавкат Насибуллаев бошчилигидаги зарафшонликлар ҳимоя қўрғони шу куни анча мустаҳкам ўйин кўрсатди. 66-дақиқада шу куни ўйини унчалик қовушмаган Жаъфар Ирисметов ўрнига майдонга тушган Ҳамдам Раҳмонов тўрт дақиқа ўтиб, рақиб жарима майдони ичида хавфли вазият юзага келтирди. Тўп билан муомала қилиш жараёнида жарима майдони ичида меҳмон ҳимоячилари томонидан йиқитилган ҳужумчи пенальти сўраган бир вақтда, бош ҳакам умуман бошқа қарорда эканлигини билдирди. Цейтлин ҳужумчини «симуляция» ишлатди, дея ҳисоблади ва огоҳлантириш билан жазолади.
Учрашувнинг қолган дақиқаларда мезбонларда ғалабага бўлган хоҳиш кўпроқ кузатилди, бироқ яққол голли вазиятларни юзага келтиришда уларда уюшқоқлик етишмади. Меҳмонлар эса, Самарқанддан ҳам бир очко олиб кетиш учун ҳимояланишда уюшқоқлик билан ҳаракат қилишди ва ўз ниятларига етишишди. Умуман олганда етарлича зерикарли ҳамда қўполликларга бой ўтган ўйин дуранг натижа билан интиҳо топди.
Самарқанд, «Динамо» стадиони 8532 томошабин
«Динамо» - «Қизилқум» - 0:0
Ҳакамлар: В. Цейтлин (Тошкент) 9.0, Р. Гапуров (Наманган) 8.6, Ф. Хасанов (Наманган) 8.7, Б. Намазов (Тошкент) 9.
«Динамо»: Д.Романенко, А.Хвостунов, Д.Ония, А.Николаев, А.Бозоров, Э.Бойдуллаев, И.Юнусов, У.Абдураҳмонов (А.Крикливый, 46), С.Сайфиев, Д.Краев (С.Мустафоев, 81), Ж.Ирисметов (Ҳ.Раҳмонов, 66).
«Қизилқум»: А.Мельнечук, А.Ерохин, Ш.Шарипов, Ш.Насибуллаев, А.Рисқуллаев, В.Любинский (Л.Кошелев, 88), Р.Исроилов, Ш.Жўраев, Б.Ваҳобов (А.Лисюк, 58), Ж.Ҳасанов, В.Баранов (С.Усмонхўжаев, 65).
Огоҳлантиришлар: А.Бозоров (30), Х. Рахмонов (70), Д.Романенко (90) – А.Мельничук (23), Ш.Шарипов (36)
Назоратчи: В. Валицкий (Тошкент).
|