23 июн куни Тошкентда Ўзбекистон Кубогининг 1/8 финал дастлабки ўйинларининг сўнггиси бўлиб ўтди. Унда майдон эгалари «Локомотив» футболчилари Самарқанднинг «Динамо» жамоасини қабул қилишди.
Меҳмонларга нисбатан ўйинни ҳужумкор руҳда бошлаган «темирйўлчилар» учрашувнинг 10-дақиқасидаёқ ҳисобни очишди. Олим Навкаров Денис Романенко дарвозасини ишғол этди. 1:0.
Голдан ҳеч қанча ўтмай, самарқандликларнинг асосий дарвозабони жароҳат олиб майдонни тарк этди. Қолаверса, бўлим тугашига ўн дақиқа қолганида бош ҳакам ўзининг тушунарсиз қарори билан «Динамо»нинг асосий футболчиларидан бири Эркин Бойдуллаевни майдондан четлаштирди. Бу эса жамоага ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Пойтахтлик футболчилар бирин-кетин ҳужумлар уюштириб турдилар ва 38-дақиқада яна ўша Олим Навкаровнинг зарбасидан сўнг ҳисобдаги фарқни иккитага етказиб олдилар. 2:0.
Ўйингоҳга йиғилган саноқли мухлислар мезбонларнинг учинчи голини ҳам кўп кутмадилар. Бўлим тугаши арафасида арманистонлик ҳужумчи Арам Восканян ҳисобни йирик кўринишга олиб келди. 3:0.
Албатта, ушбу ҳисоб меҳмонларни ҳеч қанақасига қониқтирмасди. Чунки, бу ҳисоб сақланиб қолганда ҳам, «Динамо» ярим финалга чиқиш учун ўз майдонида рақибини камида тўртта тўп фарқи билан мағлуб этиши лозим бўларди. Буни тўғри тушунган самарқандлик футболчилар иккинчи бўлимни анча ҳужумкор бошлашди. Қатор вазиятлардан кейин жамоанинг нигериялик ҳимоячиси Девид Ония ҳисобни қисқартирди. 3:1.
Голдан кейин ҳар икки жамоа ўйин охиригача яна тўп киритиш учун имкониятларни юзага келтирди, аммо таблодаги ҳисоб ўзгармади ва якуний натижа икки тўп фарқи билан сақланиб қолинди. Кутилганидек, ушбу ўйиннинг тақдири иккинчи учрашувда ҳал этилиши маълум эди ва шундай ҳам бўлди. Энди, Азамат Абдураимов шогирдлари шанба куни 2:0 ҳисобида ғалаба қозонсалар ҳам бу натижа уларни кейинги босқичга чиқариши мумкин бўлади. Бу йўлда севимли жамоамизга омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
Ўзбекистон Кубоги, 1/8 финал. Дастлабки ўйин
23 июн (чоршанба)
«ЛОКОМОТИВ» – «ДИНАМО» 3:1 (3:0)
Тошкент. 68 томошабин.
Ҳакамлар: М.Исмоилов – 8,1; Х.Мирзааҳмедов – 8,9; В.Шашков – 8,3; А.Мўминов – 9.
Голлар: О.Навкаров (10, 38), А.Восканян (45+2) – Д.Ония (52).
Огоҳлантиришлар: К.Махарадзе (36), Д.Рахматуллаев (62) – Э.Бойдуллаев (35), Э.Бойдуллаев (37) Д.Ония (42), А.Даниленко (74).
Четлатиш: Э.Бойдуллаев (37) (Динамо)
Назоратчи: В.Штерн. |