Ўзбекистон Кубоги 1/8 финал учрашуви доирасидан ўрин олган Самарқанд ва Наманган жамоалари қарама-қаршилигида «Динамо» футболчилари икки ўйин натижасига кўра умумий 5:4 ҳисобда ғалаба қозониб чорак финал йўлланмасини қўлга киритишди.
Олий лиганинг биринчи давраси якунлангач, кўпчиликнинг диққат эътибори Ўзбекистон Кубоги баҳсларига қаратилган эди. Хусусан, дастлабки ўйинда Самарқандда «Навбаҳор» устидан кичик устунликка эришган Азамат Абдураимов шогирдлари пайшанба куни Виктор Жалилов бошчилигидаги жамоага қарши жавоб учрашувини ўтказишди. Аслида Наманган шаҳрида ўтказилиши лозим бўлган ушбу жавоб ўйини маълум сабабларга кўра, ҳар икки жамоанинг розилиги билан Чирчиқ шаҳридаги «Кимёгар» ўйингоҳида ўтказилди.
Ўйиндан олдин, наманганликларни фақат ғалаба қаноатлантирса, самарқандлик футболчиларни дуранг ҳам кейинги босқичга олиб чиқарди. Бевосита ўйиннинг эътиборга молик вазиятлари хусусида тўхталадиган бўлсак, ўйиндаги ҳисобни очиш илк дақиқаларда ҳужумкор ўйин кўрстаган меҳмонларга насиб этди. Кўҳна шаҳарликлар яримҳимоячиси Эркин Бойдуллаевнинг чамаси 25 метрлардан чап оёқда йўллаган кучли зарбаси рақиб дарвозасининг «тўққизлиги»дан ўрин олди. 0:1
Ҳисоб меҳмонлар томонидан очилгач, водийлик футболчилар энди кейинги босқичга чиқиши учун камида учта гол киритишлари зарур эди. Буни яхши тушунган Жалилов шогирдлари ҳужумларга зўр беришди ва 20-дақиқада Абдумалик Абдуллаевнниг зарбасидан кейин мувозанатни тиклашди. 1:1.
Голдан руҳланган наманганлик футболчилар ҳужумларни тўхтатишмади ва қанотлардан ҳужумлар ташкил этиб хавфли вазиятлар содир этиб туришди. Ана шундай ҳужумлардан бирида 10-рақамдаги Алишер Маҳмудов 23-дақиқада ўйинда жамоасини ҳисобда олдинга чиқарди. 2:1.
Ушбу ҳисоб мезбон сифатида тўп сураётган «Навбаҳор» футболчиларни қониқтирмасди ва улар ҳужумкорликни сусайтиришмади. Бу ҳаракатлар эса ўз самарасини бермай қолмади. Чиройли тўп оширишдан кейин Абдумалик Абдуллаев ўйиндаги ўз «дубл»ини нишонлади. 3:1.
Ўйиндаги ушбу ҳисоб меҳмонларни ҳеч қанақасига қониқтирмасди ва улар иккинчи бўлимни ҳужумкорроқ бошлашди. Қатор вазиятлардан кейин, ўйиннинг бир соати ортда қолаётган бир вақтдда Акмал Бозоров жарима майдончаси ичида фаол ҳаракат қилиб ҳисобни қисқартирди. 3:2.
Самарқандда 2:1 ҳисоби қайд этилгани боис, ўйиндаги бу натижа «Навбаҳор»ни кейинги босқичга чиқиши учун камлик қиларди. Буни тўғри англаган «лочинлар» «Динамо» дарвозаси томон юришни тўхтатишмади. Бироқ, сўнгги дақиқаларда бор эътиборларини ҳужумга қаратган мезбонлар қўшиб берилган дақиқаларда навбатдаги голни ўтказиб юборишди. Тўп жарима майдонига етказилгач, нигериялик ҳимоячи Девид Ония бош билан «Навбҳор» дарвозасига учинчи тўпни йўллаб барча саволларга нуқта қўйди. 3:3.
Анча томошабоп ва голларга бой ўтган ўйинда динамочилар ғалабага тенг дурангни қайд этишди ва чорак финал йўлланмасини қўлга киритишди.
Энди, «Динамо» жамоаси Ўзбекистон Кубоги чорак финал баҳсида «Насаф-2» жамоасини йирик ҳисобда мағлуб этган Тошкентнинг «Локомотив» клуби тўсиғидан ўтиши керак бўлади. Биринчи ўйинда 22 июнь куни «темирйўлчилар» мезбонлик қилишса, жавоб ўйини 26 июнь куни Самарқандда ўтказилади.
Ўзбекистон Кубоги. 1/8 финал. Жавоб ўйини.
Чирчиқ, «Кимёгар» стадиони, 348 томошабин.
«Навбаҳор» – «Динамо» 3:3 (3:1)
Ҳакамлар: В.Цейтлин – 9,0; О.Юсупов - 8,6; Н.Тошматов – 8,2; В.Агишев – 9.
Голлар: А.Абдуллаев (20, 36), А.Махмудов (23) – Э.Бойдуллаев (9), А.Бозоров (61), Д.Ония (90+2).
Огоҳлантиришлар: А.Даниленко (21), Д.Краев (29), Х.Рахмонов (70) – ҳаммаси “Динамо”.
Назоратчи: Р.Серазетдинов.
Дастлабки ўйин натижаси: 2:1. |