Иккинчи давра тараддудининг сўнгги қисмини ўтказаётган Олий лига клублари бир неча кундан кейин бошланадиган чемпионат ўйинлари олдидан, сўнгги ҳал қилувчи тайёргарлик вазифасини ўтаб берувчи учрашувларни ўтказишмоқда.
Хусусан, душанба куни Янгиер шаҳридаги стадионда «Машъал» ҳамда «Динамо» жамоалари учрашишди. Бошланажак Олий лига ўйинларига тайёргарликни 8-24 июль кунлари Тошкентда ўтказган «Динамо» жамоаси 25 июль куни Самарқандга қайтишда «Машъал» клуби билан муборакликларнинг Янгиердаги қароргоҳида учрашишди. Бу учрашув беш кундан сўнг бошланадиган тур ўйинлари олдидан энг сўнгги баҳс бўлганлиги учун ҳар икки жамоа бош мураббийлари майдонга энг кучли таркибни туширишди, дейиш мумкин.
Ўйин самарқандликлар ҳужумлари остида бошланди ва кўҳна шаҳарликлар қатор вазиятларни юзага келтира бошлашди. Муборакликлар эса асосан қарши ҳужумда рақиб дарвозасига таҳдид солиб туришди. Вазиятлар етарлича содир этилган бўлсада, илк бўлимда ҳисоб очилмади.
Иккинчи бўлимда майдонга тушган «Динамо»нинг янги ўйинчиси Николай Риндюк анча фаол ҳаракат қила бошлади. Белоруссиялик ҳужумчи собиқ жамоаси «Машъал» дарвозаси олдида тез-тез хавф солиб турди ва унинг бу фаоллиги учрашувнинг 86-дақиқасида рақиб дарвозаниннг ишғол этилиши билан якунланди. Бу вазиятда яримҳимоячилар билан комбинация уюштирган Риндюк жарима майдонига кирмай собиқ жамоаси дарвозасини ишғол этди. Эътиборлиси Николай Риндюк янги жамоасидаги илк ўйинда дастлабки голини киритди ва бу гол «Динамо»га ғалаба келтирди.
Ўртоқлик учрашуви.
25 июль (душанба).
Янгиер, «Марказий» ўйингоҳ.
«Машъал» (Муборак) – «Динамо» (Самарқанд) – 0:1
Бош ҳакам: Қаҳрамон Йўлдошев (Гулистон).
Гол: Николай Риндюк, 86.
«Динамо»: Андрей Мельничук, Дэвид Ония, Андрей Ерохин, Александр Хвостунов, Раҳматулло Бердимуродов, Дилявер Абибуллаев, Умед Абдураҳмонов (Содиқ Мусаев, 58), Суннатилло Мамадалиев, Сирожиддин Сайфиев, Акмал Бозоров (Николай Риндюк, 62), Иван Нагаев (Виктор Клишин, 67).
«Машъал»: Павел Давыдов, Алик Хайдаров, Дилявер Ваниев, Габит Сапаргалиев, Игорь Петкович, Дарко Станажевич, Самандар Шодмонов (Ғулом Ғуломов, 80), Шухрат Муҳаммадиев (Шерзод Файзиев, 75), Аббос Шодмонов, Ботир Қодирқулов, Зафар Холмуродов (Соҳиб Абдуллаев, 70).
Шу куннинг ўзида «Динамо» Самарқандга қайтди. Жамоа сўнгги машғулотларни ўз қароргоҳида ўтказади. 30 июль куни эса иккинчи давранинг илк баҳсида Қаршида «Насаф»га қарши майдонга тушади. |