Иккинчи давра тараддудини пойтахтда ўтказаётган «Динамо» ҳамда «Андижон» жамоалари пайшанба куни ўзаро назорат учрашувида майдонга тушишди. Учрашув мақоми ўртоқлик бўлсада, шу куни ҳар икки томон ҳам кескин ва курашларга бой ўйин намойиш этишди.
Ушбу баҳс чемпионат ўйинлари олдидан сўнгги тайёргарлик учрашувларидан эканлиги учун самарқандликлар устози Аҳмад Убайдуллаев ҳам, андижонликлар мураббийи Ориф Маматказин ҳам кучли таркибни майдонга туширди. Бунга жавобан футболчилар ҳам илк дақиқалардан устунликка эришишга ҳаракат қилишди ва ўйин тенгкурашлар остида бошланди. Ҳар икки жамоа ҳам навбати билан ҳужумлар ташкил этиб туришди. Шундай вазиятлардан бирида ўйиннинг 20-дақиқасида водийликлар ҳисобни очишди. Ҳужумда фаол ҳаракат қилган Лочин Солиев Андрей Мельничук дарвозасини ишғол этди, 1:0.
Ушбу голдан кейин кўҳна шаҳарлик футболчилар мувозанатни тиклаш учун ҳужумкорликни оширишди. Бўлим охирларигача Иван Нагаев ва Виктор Клишинда ҳисобни тенглаштириш учун имконият юзага келди бироқ улар бундан фойдалана билишмади.
Иккинчи бўлимда ҳар икки жамоа мураббийлари таркибда қатор ўзгаришлар қилишди. Заҳирадан фойдаланиш кўпроқ динамочилар фойдасига ишлади дейиш мумкин. Чунки ўзгаришлардан кейин Убайдуллаев шогирдларининг ўйини янада жонлангандек кўринди. Кескин вазиятлардан бири 70-дақиқада юзага келди. Заҳирадан майдонга тушганига кўп бўлмаган Учқун Қобилов ва Иброҳим Отахонов орани очиқ қилмоқчи бўлганликлари учун учрашув бош ҳаками уларни аяб ўтирмай майдондан четлаштирди. Бу четлаштиришлар ўйин темпига унчалик таъсир этгани йўқ. Ниҳоят, ўйиннинг 87-дақиқасида вакилларимиз учрашувдаги тенгликни ҳисобда ҳам акс эттира олишди. Бу вазиятда Раҳматилло Бердимуродов жарима зарбасидан ажойиб равишда фойдаланиб, «Динамо»даги илк голини киритди. 1:1.
Назорат учрашуви.
Чирчиқ. «Кимёгар» стадиони. 21 июль (пайшанба).
«Динамо» (Самарқанд) – «Андижон» (Андижон) – 1:1 (0:1)
Голлар: Раҳматулло Бердимуродов 87 - Лочин Солиев, 20.
«Динамо»: А.Мельничук (А.Ашуров, 46), Д.Ония, А.Ерохин, А.Хвостунов (М.Қурбонов, 46), А.Бозоров (С.Ғаффоров, 79), Р.Бердимуродов, У.Абдураҳмонов (У.Қобилов, 63), Ш.Мусаев (З.Раупов, 66), С.Сайфиев, В.Клишин (И.Пардаев, 68), И.Нагаев (А.Шашков, 90).
«Андижон»: И.Михайлов, И.Ибрагимов, Ш.Раимқулов, А.Касьян, И.Маматказин, И.Отахонов, О.Қиличев, Б.Абдураҳимов, Л.Солиев (Ш.Жумабоев, 46), А.Попович, Б.Ҳамидуллаев (А.Хўжаев, 46).
Четлатишлар: У.Қобилов (70) – И.Отахонов (70). |