Ўзбекистон – Қатар (5:1) учрашувида миллий термамиз сафида заҳирадан майдонга тушиб, бош жамоамизда жорий йилги дастлабки учрашувини ўтказган Баҳодир Насимов ўзига хос рекордни қайд этди.
18 июнь куни Ўзбекистон терма жамоаси сафида тўртинчи босқичдаги илк ўйинини Қатар терма жамоасига қарши ўтказган собиқ «динамочи» Баҳодир Насимов ўйинда «дубл» қайд этганди. Эътиборлиси, ўйинда 0:1 ҳисоби қайд этилаётган 59-дақиқада майдонга тушган Насимов орадан 12 сония ўтиб, қатарликлар дарвозасини ишғол этишга эришди ва заҳирадан майдонга тушиб энг тезкор гол муаллифига айланган терма жамоамиз футболчисига айланди.
Ушбу ўйинга қадар Баҳодир Насимов сўнгги маротаба 2012 йилнинг 29 февраль кунида ЖЧ-2014 учинчи саралаш босқич сўнгги турида Япония терма жамоасига қарши сафарда майдонга тушган ва ўшанда Абрамов бошқарувидаги жамоа кунчиқар юртдан ғалаба билан қайтишганди.
Умуман олганда, Баҳодир Насимов терма жамоамиз сафида 8та учрашувда 456 дақиқа давомида тўп суриб, 5 маротаба рақиб дарвозасини ишғол этишга эришган.
Қизиғи, Баҳодир Насимов Олий лига ўйинларида ҳам тезкор гол уриш бўйича етакчилардан бири ҳисобланади. Хусусан, Баҳодир 2007 йилнинг 6 октябрь куни Олий лига 23-тури доирасида Самарқандда кечган «Насаф»га қарши учрашувнинг 21-сониясидаёқ ҳисобни очган бўлса, 2009 йили 14-тур доирасида Самарқандда кечган «Қизилқум»га қарши баҳснинг 30-сониясидаёқ таблодаги ҳисобнинг очилишига сабаб бўлган.
Манба: «Эрудит Спорт» газетаси. |