1 март сешанба куни Самарқанддаги «Ёшлар Маркази»да янги футбол мавсумига бағишланган катта анжуман ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Зоир Мирзаев ва «Динамо» футбол клуби ҳомий ташколотчилари, журналистлар, мухлислари ҳамда жамоа футболчи ва мураббийлар иштирок этишди.
Анжуман Самарқанд вилояти ҳокими Зоир Мирзаевнинг маърузаси билан бошланди. Вилоят раҳбари ўз чиқишида Самарқандда футболни ривожлантириш йўлида қилинаётган ишлар хусусида фикр юритаркан, ютуқ ва камчиликлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтди. Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган анжуманда вилоят ҳокими мухлислар ва журналистлар фикрларини эшитди.
Шунингдек, «Динамо» жамоаси бош мураббийи Виктор Жалилов чиқиш қиларкан, жамоа янги мавсумда пухта тайёргарлик кўрганлигини ва бошланажак мавсумда бор куч ва ғайратларини ишга солишни таъкидлашди. Мураббий фикрига «Динамо» футболчилари қўшимча қилишаркан, мухлисларни хушнуд этиш учун бел боғлашганлигини айтиб ўтди.
Қизғин савол-жавобларга бой ўтган анжуманда мухлислар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Журналистлар ҳам футболчи ва мураббийлар билан суҳбатлашишди. Анжуман сўнгида шахсан вилоят ҳокими ва вилоят фаоллари, шунингдек йиғилган барча мухлислар, журналистлар «Динамо» жамоасига янги 2011 йилги мавсумда омад ва зафарлар тилаб қолишди.
Ушбу анжуман хусусида кейинроқ батафсил тўхталамиз. |