Хабарингиз бор, жума куни қитъамизнинг энг нуфузли футбол мусобақаси Осиё Кубогига ҳам старт берилади. Ушбу нуфузли мусобақа олдидан бир қатор Олий лига жамоалари бош мураббийлари қатори мураббийимиз Виктор Жалилов ҳам етакчи спорт нашрларидан бири «Эрудит Спорт» газетасининг Осиё Кубогига бағишланган махсус сонида ўз фикрларини баён этди.
«Динамо» клубининг ахборот ҳамкори ҳисобланмиш ушбу газета мухбирига бош мураббийимиз Осиё Кубоги ҳақида фикр билдираркан, жумладан қуйдаги фикрларни билдирди.
«Гуруҳдаги ҳар бир рақибларимиз ҳурматга сазовор терма жамоалардир. Мана ниҳоят сўнгги йиғинда бош мураббий оптимал таркибни йиға олди. Мураббийда Осиё Кубогига тайёргарлик кўриш учун етарлича вақт бор эди ва бу оралиқда терма жамоа ўнга яқин назорат ўйинларида майдонга тушди. Фикримча, терма жамоамиз мусобақада ўзини кўрсатишга қодир ва камидан гуруҳдан чиқа олишига ишониш мумкин» - дейди тажрибали мутахасис.
«Австралия, Япония, Жанубий Корея, мезбон Қатар термаларининг имкониятларини бошқа рақиблар имкониятидан нисбатан юқорироқ баҳолаш мумкин. Айниқса Қатар терма жамоаси ўз майдонида, мухлислари кўз ўнгида бор имкониятларини ишга солиши табиий» - дея таъкидлайди мураббий «Эрудит Спорт» нашрининг Осиё Кубогига бағишланган махсус сонида. |