Олий лиганинг 21-туридан ўрин олган "Бухоро" - "Динамо" (0:0) учрашувидан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида дастлаб "Динамо" устози Олег Тюлькин ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.
- Бугун майдондаги баҳс шиддатли ва жиддий курашлар остида ўтишини олдиндан билардик. Йигитларимиз рақибнинг ҳужумларини тартиб билан қайтариб, айниқса ҳимояда анча яхши ўйин намойиш этдик. Умуман олганда, “Бухоро”нинг айни дамда 2-ўринда бораётганлигини инобатга олсак, Бухородан дуранг билан қайтиш ёмон натижа эмас. Сўнгги тўрт учрашувнинг кетма-кет уч ўйинида пешқадамлар “Пахтакор”, “Қўқон-1912”, энди “Бухоро” билан тенгма-тенг ўйин намойиш этиб, 0:0 ҳисобидаги дуранг қайд этаяпмиз. Йигитларимиз ўз кучларига ишониб, энди голлар ҳам уришимиз керак.
Чинданам, мавсум бошида пешқадамлик қилган эдик, аммо кейинчалик гоҳида омадимиз келмади, футболчиларимиз жароҳат олишди, гоҳида зарур очколарни йўқотдик. Якунда турнир жадвалида пасайиш кузатилди. Энди вазиятни яхшилашимиз керак.
Бугун Ориф Мамажонов, Темур Жўраев, Алексей Николаевларнинг таркибда йўқлиги сабаби бор. Икки футболчимиз Ориф Мамажонов ва Темур Жўраевлар оиласида таъзия бўлган. Темурнинг отаси вафот этган эди, шу боис ҳозирча унинг хизматларидан фойдалана олмаймиз. Куни кеча эса Орифни ҳам уйига жавоб бердик. Унинг ҳам оиласида қайғули воқеа бўлди, укаси вафот этди. Фурсатдан фойдаланиб футболчиларимизга барчанинг номидан ҳамдардлик билдирамиз. Худо уларга сабр берсин. |