Олий Лига 6-тур доирасидаги эътиборли баҳслардан бири Самарқандда ўтди. «Динамо» жамоаси ўз майдонида «Бухоро» клубини қабул қилиб, муҳим ғалабага эришди.
Сўнгги икки турдаги мағлубиятлардан кейин «Динамо» жамоаси олдида фақат ғалаба қозониш вазифаси турарди. Аммо ушбу баҳсда жамоанинг асосий ҳужумчиси Сардор Сулаймоновнинг ёрдам бера олмаслиги мураббийлар учун мушкулот туғдирганди. Шунга қарамай, «Динамо» жамоаси 10 мингдан ортиқ мухлис кўз ўнгида фақат ғалаба учун тўп сурди.
Ўйиндан олдин «Сирож Самарқанд сен билан» хайрия акцияси ўтказилган бўлса, баҳс бошланиши арафасида яқинда оламдан ўтган Самарқанд футболи вакиллари Юрий Назарович Мамедов, Теҳрон Турдиалиев, Бахтиёр Мажидовлар хотираси учун бир дақиқалик сукут эълон қилинди.
Баҳс меҳмонлар ҳужумчиси Иван Нагаевнинг ҳужуми билан бошланган бўлсада, ҳисобни очиш мезбонларга насиб этди. 21-дақиқада бурчакдан ошириб берилган тўпни Ориф Мамажонов бош билан берилган зарбаси билан стадионни ларзага келтирди, 1:0.
Голдан кейин майдонда тенгкураш кечган бўлса, бу меҳмонлар мураббийини қониқтирмади шекилли Улуғбек Бақоев Шохруҳ Гадоев ўрнига Равшан Янгиевни майдонга туширди.
Танаффусдан сўнг меҳмонлар ўйинни яна ҳужумкор бошлаган бўлсаларда, гол уриш яна «Динамо» жамоасига насиб этди. Жавоҳир Қаҳрамонов жарима майдони ичига ёриб кириб, Эркин Жабборов қўриқлаётган дарвозанинг узоқ бурчагини чиройли тарзда нишонга олди, 2:0.
Бу голдан кейин бухоролик футболчилар ҳужумкорликка зўр беришди. Захирадан майдонга туширилган тажрибали ҳужумчи Баҳриддин Ваҳобов 64-дақиқада моҳирона зарбаси билан ҳисобни қисқартирди, 2:1.
Қолган ярим соатлик вақт жуда шиддатли ва муросасиз курашни тақдим этган бўлсада, «Динамо» жамоаси ўйин якунида ажойиб ғалабасини нишонлади. Захирадан майдонга тушган самарқандлик ёш ҳужумчи Амиржон Сафаров Олий Лигадаги илк голини киритиб, ҳисобни 3:1 га етказди.
Ушбу муҳим ғалаба эвазига «Динамо» жамоаси яна пешқадамлар сафига қайтди ва «Локомотив» клуби билан бир хил 12 очкодан тўплаб, турнир жадвалида қўшпешқадамлик ўрнатишди.
«Динамо» навбатдаги учрашувни 20 апрель, пайшанба куни «Бунёдкор» клубига қарши сафарда ўтказади.
Олий Лига. 6-тур.
15 апрель (шанба)
«ДИНАМО» - «БУХОРО» – 3:1
Самарқанд, 10 501 томошабин.
Ҳакамлар: В. Серазетдинов (Тошкент) – 6,9, Ф. Ёрмуҳамедов (Тошкент) – 8,1, Б. Баҳромов (Тошкент) – 8,2, Б. Юльчараев (Гулистон) – 8.
Назоратчи: Р. Айтеков (Тошкент).
ПФЛ вакили: В. Леткин.
Голлар: Ориф Мамажонов (21), Жаҳонгир Қаҳрамонов (57), Амиржон Сафаров (90+3) – Баҳриддин Ваҳобов (64).
«Динамо»: 1. М. Наумов, 2. М. Локаев, 6. А. Бозоров, 8. Ж. Азимов, 10. Ж. Қаҳрамонов, 11. А. Абдуллаев (20. А. Сафаров, 60), 14. Р. Рогак, 15. Ш. Холматов, 18. Д. Низанов (21. И. Холмурзаев, 78), 19. О. Мамажонов (5. Ф. Абдусалимов, 76), 22. А. Исроилов.
Захира: 16. Р. Тоштурдиев, 3. Б. Исроилов, 4. Х. Аъламхонов, 24. Т. Файзуллаев.
«Бухоро»: 1. Э. Жабборов, 2. Э. Равшанов (10. Б. Ваҳобов, 56), 5. К. Пасечник, 8. И. Вайцер, 9. Н. Умуров, 11. С. Шихов, 17. А. Шоғуломов, 22. Ш. Гадоев (6. Р. Янгиев, 35, 27. Р. Ҳасанов, 64), 28. Э. Исмоилов, 29. В. Баенко, 77. И. Нагаев.
Захира: 12. А. Турсунбоев, 3. Б. Омонов, 20. И. Холиқов, 19. Ж. Ҳасанов.
Огоҳлантиришлар: А. Бозоров (69), А. Исроилов (72), Д. Низанов (75), М. Наумов (87) – Э. Исмоилов (45), Б. Ваҳобов (84).
Энг яхши ўйинчилар: Ж. Қаҳрамонов – Б. Ваҳобов. |