«Динамо» - «Қўқон-1912» (0:1) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейин ҳар икки жамоа бош мураббийлари ўйин борасидаги фикрлари билан ўртоқлашишди.
Рустам Абдуллаев, «Қўқон-1912» бош мураббийи:
- «Авваламбор, ҳаммани келаётган Наврўз байрами билан табриклайман. Бугунги ўйинда бизни қўллаш учун келган қўқонлик мухлисларга катта раҳмат айтаман. Бугун омадимиз келиб, битта гол урдик ва ҳимояда «ўтириб», натижани ушладик. Маҳорат бўйича эмас, интизом билан бугунги ўйиндаги ғалабага замин яратдик. Қўқонга футболга эътибор катта, мухлислар катта футболни жуда соғинишган. «Динамо» сафидаги 33-рақамли Николай Чипевнинг ўйини менга ёқди. Умуман олганда, «Динамо» жамоаси яхши таасурот қолдирди. Қанот ҳакамининг бизнинг голни инобатга олиб, мезбонлар голида «офсайд» ҳолатини қайд этгани борасида ҳеч нарса дея олмайман».
Тачмурад Агамуродов, «Динамо» бош мураббийи:
- «Жуда аламли мағлубиятни тан олишга мажбурмиз. Жамоа бу таркиб билан тайёргарликни кеч бошлаган. Биринчи бўлимда ўйинимиз у қадар чиқмади. Иккинчи бўлимда ўзимизга келдик, ташаббусга эга бўлдик. Гол урдик, аммо ҳакамлар ҳисобга олишмади. Бу ҳақда гапиришни истамайман. Константин Мадриченко жамоага у қадар қўшилиб кета олмади. Унга жароҳат ҳам халал берди. Унинг ўрнига Маъруф Муродовни тушурдик. Иккинчи бўлимда ташаббус бизнинг томонда эди. Шу боис ўзгаришларни амалга оширмадик. Аммо гол инобатга олинмагач, якуний зарбани беришда бизга омад етишмади. Рақиб зич ҳимояни ташкил этганди.
Тўғри, жамоамизда маълум муаммолар бор. Бундай камчиликлар вақти билан бартараф этилади. Ҳамма жамоада ҳам ўзининг муаммо ва камчиликлари бор. Ҳисобга олинмаган голга келсак, буни кўриб чиқиш керак. Ҳакамлар очилиш учрашувида қандай қарорлар чиқарётганлигини яхши англашлари шарт. Кейинги ўйинларимизда битта эмас, кўпроқ видеокамералардан фойдаланишимизга тўғри келади». |