Учрашувдан кейин ҳар икки мураббий ўйин борасидаги фикрлари билан ўртоқлашишди.
Мустафо Байрамов, «Навбаҳор» бош мураббийи:
- «Ғузордаги ғалабадан кейин футболчиларимизнинг кайфияти яхши эди. Айнан шу сабабдан барчанинг хаёлида навбатдаги уч очкони олиш эди. Учрашувни яхши бошлагандик. Бунинг самараси ўлароқ, дебютда ҳисобни очишга ҳам эришгандик. Голдан кейин Аюбхон Гаппаровнинг ўзида ҳисобни ошириш учун яхшигина имкониятлар бўлганди. 1:0 ҳисобидан кейин футболчиларимизда қандайдир хотиржамлик кўзга ташланди. Танаффусдан кейин эса нимагадир футболчиларимиз марказдаги устунликни рақибга бериб қўйишди. Дарвозамизга киритилган гол ҳам тушунарсиз ҳолатда рўй берди. Футболда шунақаси ҳам бўлиб турар экан, нима ҳам қила олардик. Уйда яна икки очкони бой бердик. Хатоларимиз устида иш олиб борамиз».
Равшан Ҳайдаров, «Динамо» бош мураббийи:
- «Назаримда, иккинчи даврада ҳеч қайси ўйин осон бўлмайди. Ҳар бир учрашув кескин ва муросасиз руҳда ўтади. Бугунги баҳс ҳам бундан мустасно бўлмади. Ҳар икки жамоада ҳам очколар сони у қадар кўп бўлмаганлиги боис, томонларни майдонга фақат ғалабани кўзлаб тушишга ундамоқда. Шу сабабдан мезбонлар ҳам биз ҳам уч очкони мақсад қилгандик. Афсуски, икки ўйиндан бери футболчиларимиз дебютда гол ўтказиб юборишмоқда. Айнан шу жиҳат бизни ўйлантириб, безовта қилмоқда. Тезкор гол ўтказиб юборилганидан кейин футболчиларимиз вазиятни тенглаштириб, ўз ўйинларини кўрсатишмоқда. Ўйлашимча, бугун жамоамиз кўп ҳолларда ташаббусга эришди. Албатта, «Навбаҳор» жамоасида ҳам қарши ҳужумларда гол уриш учун имкониятлар бўлганди. Бироқ, дарвозабонимиз маҳоратини намойиш этиб, жамоамиз фойдасига ҳаракат қилди. Иккинчи бўлимда устунликни қўлга олишимиз натижасида ҳисобни тенглаштиришни уддасидан чиқдик. Умуман олганда ўйин дуранга мос тарзда ўтди».
Манба: www.pfl.uz |