Турнинг қизиқарли учрашувларидан бири Самарқандда маҳаллий «Динамо» ва Наманганнинг «Навбаҳор» клуби ўртасида бўлиб ўтди.
Учрашув ҳар қанча шиддатли кечмасин, ўйинда ғолиб номи аниқланмади. Дастлабки дақиқалардан ҳужумга отланган динамочилар 50-сонияда ҳисобни очишлари мумкин эди. Аммо, Тўлқин Мирзаев томонидан йўлланган зарбани наманганлик ҳимоячилар дарвоза чизиғи устидан қайтариб қолишди. Шундан сўнг ҳам вакилларимизда ҳисобни очиш учун бир қанча имкониятлар бўлди, аммо вазиятлардан унумли фойдаланилмади.
Иккинчи бўлим эса меҳмонлар ҳужумлари остида бошланди. 50-дақиқада Собир Ҳамидов дарвозабон билан деярли яккама-якка ҳолатига чиқиб, Мельничукни доғда қолдира олмади. 58-дақиқада эса, меҳмонларнинг қарши ҳужуми гол билан якунланди. Ғайрат Жўраев чамаси 18 метрлардан кучли зарба билан ҳисобни очди, 0:1.
Айнан ушбу голдан кейин мезбонлар ҳужумлар “ёмғири”ни ёғдиришди. 60-дақиқада Абдулла Набиев қанот бўйлаб ҳужум уюштириб, Денис Романенкони доғда қолдириши мумкин эди, аммо ўша вазиятда молдавиялик посбон анча ишончли тўп сурди. Икки дақиқа ўтиб, Азамат Бобожоновнинг чамаси 20 метрлар узоқликдаги жарима зарбасидан йўлланган зарбани Денис Романенко дарвоза «тўққизлиги»дан олиб чиқишга эришди.
Ниҳоят, 78-дақиқага келиб майдон эгалари чиройли комбинация эвазига ҳисобни тенглаштиришди. Азамат Бобожоновнинг тўп оширишидан кейин қанотдан жарима майдонига кириб борган Сирожиддин Сайфиев Денис Романенко қўриқлаётган дарвозанинг узоқ бурчагини нишонга олди, 1:1. Ўйин сўнггига қадар ҳар икки томон ҳам вазиятни ўз томонларига оғдириш учун, ҳар қанча интилишмасин ҳисобда ўзгариш бўлмади.
Олий лига. 10-тур. 31 май (жума)
«ДИНАМО» - «НАВБАҲОР» - 1:1
Самарқанд, 5623 томошабин.
Гол: Сирожиддин Сайфиев 78, - Ғайрат Жўраев, 58.
Ҳакамлар: В.Цейтлин, Ҳ.Шодмонов, А.Цапенко, И.Иброҳимов.
Назоратчи: Г.Имомов.
«Динамо»: 27.А.Мельничук, 6.А.Бозоров, 10.Т.Мирзаев (8.Ю.Суюнов, 76, А.Рисқуллаев, 90+2), 13.А.Клецков, 16.А.Холмуродов, 17.А.Набиев, 18.С.Сайфиев, А.Бобожонов, 22.Ф.Абдусалимов (В.Киликевич, 46), 24.Т.Дадашев, 26.К.Шарофутдинов.
«Навбаҳор»: 16.Д.Романенко, 4.А.Тоиров, 6.Л.Кошелев, 9.И.Бойдадаев, 10.А.Баҳриддинов (8.А.Ахмедов, 88), 13.Т.Султонов, 20.Ғ.Жўраев, 25.А.Жўраев (17.С.Абдуллаев, 57), 26.Қ.Муҳаммаджонов, 30.С.Ҳамидов (А.Султонов, 67), 32.Ж.Меҳмонов.
Огоҳлантиришлар: Ф.Абдусалимов 12, А.Клецков 45, А.Набиев 65 – А.Баҳриддинов 32, Қ.Мамажонов 41, Т.Султонов 90. |