Биринчи даврада Андижонда мезбонлар устидан 0:3 ҳисобида ғалаба билан қайтган динамочилар, ўз майдонларида ҳам худди шу сценарий остидаги ғалабани тантана қилишди.
Ўйинни ҳужумкорлик билан бошлаган майдон эгалари 45-секунддаёқ ҳисобни очишга эришишди. Майдон марказида тўпни қабул қилиб олган Рўзимбой Аҳмедов ҳужумга отланаётган Иван Нагаевни ўз вақтида тўп билан таъминлади. Нагаев эса ўз ўрнида тезлигини ишга солиб, андижонлик ҳимоячиларни ортда қолдириди ва Юрий Цой дарвозасини ишғол этиб, жорий мавсумдаги энг тезкор гол муаллифига айланди, 1:0.
Ушбу голдан кейин кураш асосан майдон марказида кечган бўлсада, ҳар икки томон дарвозаларга хавф солиб туришди. Бунинг натижаси таблода бўлим сўнггида акс этди. 41-дақиқада Салим Мустафоев-Суннатилла Мамадалиев-Иван Нагаевнинг ўзаро комбинацияси Иваннинг ўйиндаги дублини нишонлашига замин яратди, 2:0.
Иккинчи бўлим ҳам кўҳна шаҳарликлар ҳужумлари остида кечди. Қатор ҳужумлар самараси 76-дақиқада навбатдаги гол билан якунланди. Мамадалиев томонидан бошланган ҳужум ҳимоячилар томонидан йўл қўйилган хатодан сўнг, Рўзимбой Аҳмедовга бориб тушди, ўз навбатида Аҳмедов кучли зарб билан чемпионатдаги 10-голини киритишга эришди, 3:0.
Эътиборлиси, биринчи даврадаги ўйинда ҳам айнан Нагаевнинг икки, Аҳмедовнинг бир голи эвазига «Динамо» Андижондан 0:3 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган бўлса, бу сафар ҳам айнан ушбу ҳужум тандемининг голлари эвазига вакилларимиз йирик ҳисобдаги ғалабага эришишди. Бу муваффақият «Динамо»нинг 9-поғонага кўтарилишини таъминлади.
«ДИНАМО» – «АНДИЖОН» - 3:0 (2:0)
Самарқанд, 6488 томошабин.
Ҳакамлар: Б. Намазов (Тошкент), А. Букатин (Тошкент), А. Усмонов (Тошкент), Ш. Рўзиқулов (Қарши).
Голлар: И. Нагаев (1, 41), Р. Аҳмедов (76).
«Динамо»: Андрей Мельничук, Виталий Почуев, Аҳрол Рисқуллаев, Дилявер Абибуллаев, Суннатилла Мамадалиев, Александр Хвостунов, Салим Мустафоев, Илҳом Бойдедаев (Леонид Кошелев, 78), Сирожиддин Сайфиев (Жасур Бобоев, 78), Иван Нагаев (Асқар Жадигеров, 60), Рўзимбой Аҳмедов.
«Андижон»: Юрий Цой, Даврон Турсунов, Азиз Ғуломхўжаев, Иброҳим Отахонов, Акмал Жўрабоев, Азиз Жўраев (Отабек Валижонов, 32), Рустам Аъзамов (Баҳром Абдурахимов, 64), Алишер Тўхтасинов (Муйдин Мамазулумов, 74), Икром Иброҳимов, Илдар Маматказин, Расул Раҳмонов.
Огоҳлантиришлар: А. Рисқуллаев (22), Р. Ахмедов (80) – И. Маматказин (14), А. Жўраев (21), О. Валижонов (49), Ю. Цой (82).
Назоратчи: С. Эрматов (Тошкент).
Энг яхши футболчилар: И. Нагаев – И. Отахонов. |