Қарийб бир ойлик танаффусдан сўнг яна давом эттирилган Олий лига учрашувларининг 10-тури доирасида Бекободда маҳаллий «Металлург» клуби меҳмони бўлган динамочилар кичик фарқ билан мағлубиятга учрашди.
Қайд этиб ўтиш лозимки, бу учрашувда кўҳна шаҳар жамоаси бир қатор асосий футболчиларисиз ўйнашга мажбур бўлди. Хусусан, дарвозабон Андрей Мельничук, ҳимоячи Аҳрор Рисқуллаев, яримҳимоячи Дилшод Жўраев, Жасур Бобоев, ҳужумчи Рўзим Ахмедовлар ўрнига шу куни бир қатор ёш футболчилар майдонга тушишди.
Ўйининг дастлабки бўлими меҳмонлар устунлигида ўтган бўлсада, самарқандлик футболчилар вазиятлардан фойдалана билишмади. Иккинчи бўлим эса мезбонлар ҳужумлари остида бошланди ва 47-дақиқада ҳужумчи Зоҳид Абдуллаев Михайлов дарвозасини ишғол этиб, учрашувда ҳисобни очди, 1:0.
Голдан сўнг майдонда тенгкураш кузатилган бўлсада, ўйиннинг 74-дақиқасида бекободликлар ҳисобдаги фарқни иккитага етказишди. Бу вазиятда собиқ динамочи ҳисобланадиган ёш ҳужумчи Шаҳзодбек Нурматов рақиб дарвозасини ишғол этди, 2:0.
Учрашув сўнгги эса асосан меҳмон футболчилар устунлигида ўтди ва улар якунда Зафар Полвоновнинг зарбаси эвазига фақат битта тўп киритишга муваффақ бўлишди, бироқ бу» Динамо»ни мағлубиятдан қутқара олмади, 2:1.
10-тур. 15 июнь (жума)
«Металлург» (Бекобод) – «Динамо» (Самарқанд) – 2:1
Бекобод, 4125 томошабин.
Ҳакамлар: Ш. Қосимов (Тошкент), Р. Шоахметов (Тошкент), О. Абдувасилов (Тошкент), Б. Юльчараев (Гулистон).
Назоратчи: И. Нехочин (Наманган).
Голлар: З. Абдуллаев (47), Ш. Нурматов (74) – З. Полвонов (85).
«Металлург»: 1. М. Икромов, 2. А. Зиёвутдинов (22. Б. Калевич, 68), 3. С. Акбаров, 4. Ҳ.Ҳошимов, 6. Д. Каримов, 7. Д. Одилов (8. Ш. Норбеков, 65), 9. Ш. Нурматов (5. М. Акбаров, 87), 11. Ш. Йўлдошев, 14. Д. Каримқулов, 15. З. Абдуллаев, 19. Р. Вагапов.
«Динамо»: 1. И. Михайлов, 2. А. Ерохин, 6. Л. Кошелев, 9. И. Нагаев, 10. З. Полвонов (7. Х. Усмонов, 90), 11. Д. Абибуллаев, 12. С. Мамадалиев, 13. А. Хвостунов, 17. С. Мустафоев (20. Т. Қобилов, 46), 18. С. Сайфиев, 19. О. Тайлоқов.
Огоҳлантириш: Д. Каримқулов (40).
Энг яхши футболчи: З. Абдуллаев – И. Нагаев. |