Якунланган турнинг қаҳрамонларидан бири «Динамо» ҳужумчиси Иван Нагаев бўлди. Терма жамоамизга номзод бўлган иқтидорли ҳужумчи «Андижон»га қарши кечган баҳсда «дубль» қайд этиб жамоаси ғалабасига ҳисса қўшди. Учрашувдан кейин футболчи ўйин ҳақида тўхталди.
- Ғалаба билан табриклаймиз. Учрашув ҳақида фикрингиз қандай?
- Биласиз, жамоамиз учта ўйиндан бери мағлубиятга учраётганди. Бу эса яна давом этмаслиги керак эди. Биз албатта қачондир очко олишимиз зарур эди. Кўриб турибсизлар, бугун Андижонда омадимиз чопди. Иккита гол уриб ғалабага ўз ҳиссамни қўшганимдан бениҳоя хурсандман. Бундай ҳолат ҳар қандай ўйинчига ёқимли туюлади.
- Дарҳақиқат «Динамо» учун мавсум жуда омадсиз бошланди. Бунинг сабабини қандай изоҳлайсиз?
- Очиғи, мен бу борада нимадир дея олмайман. Балки бизга нимадир етишмагандир. Аслида таркибимиз яхши ўйинчилардан ташкил топган. Ҳали ҳаммаси олдинда деб ўйлайман.
- Бугун киритган иккала голингиз чиройли кўриниш олди. Сизга ҳам ёққандир?
- Чиндан ҳам урган голларим ўзимга ҳам ёқди. Лекин энг муҳими, биз ғалаба қозондик.
- Ҳужумдаги шерикларингиз билан муаммо кўрмаяпсизми?
- Биз аста-секин тушуниб боряпмиз. Тўғри, илк бор ҳужумда Рўзим Аҳмедов билан бирга тўп суряпман. Лекин у билан яхши тандем бўла оламиз деб ўйлайман. Бугун ҳам кўрдинглар, ёмон ўйин кўрсатмадик. Мухлисларимизни хушнуд этганимиздан хурсандмиз. Ўйлайманки, буёғига шу руҳда давом этамиз. |