Сўнгги тур доирасидан ўрин олган «Динамо» - «Сўғдиёна» (2:0)учрашуви якунлангач, ҳар икки жамоа мураббийлари журналистлар саволларига жавоб қайтаришди. Хусусан, мезбонлар устози мавсум якунида вазифа бажарилганлигини таъкидлади.
- Аҳмад Иноятович, авваламбор ғалаба ва жамоанинг лигадa қолиши билан табриклаймиз. Ҳар ҳолда вазифа шундан иборат эди, бизнингча.
- Биринчи даврада жамоа бор йўғи 7 очко жамғара олган ва сўнгги ўринда бораётганди. Жамоани қабул қилиб олганимда вазифа – «Динамо»ни Олий лигадаги ўрнини сақлаб қолиш эди. Бу вазифани уддалаганимиздан ҳар бир мухлис қатори биз ҳам хурсандмиз. Иккинчи давра олдидан имконқадар таркибга ўзгартириш киритдик ва йигитлар жамоани элитада сақлаб қолишга эришдилар. Ҳозирча энг муҳими шу эди.
- «Сўғдиёна» билан учрашув борасидаги фикрларингиз?
- Жиззахликларнинг лигани тарк этишлари олдинроқ маълум бўлган эрсада, улар сўнгги ўйинларда ҳамма рақибларига жиддий «бошоғриқ» бўлишди. Мен ҳам улардан анча хавсираётгандим ва шогирдларимга рақибни ҳурмат қилган ҳолда тўп суришларини уқтиргандим. Улар ҳам бу ўйиндаги ғалаба жуда муҳимлигини ҳис қилиб дастлаб эҳтиёткор ҳаракат қилишди, аммо биринчи голдан кейин ўз ўйинларини топишди. Агар вазиятларнинг ярмидан фойдалана олганимизда ҳам йирик натижа бўларди бугун. Нима бўлганда ҳам энг асосийси уч очко. Ҳужумкор, чиройли ўйин кўрдик, футболчилар ҳаракатидан қониқдим.
- Кейинги мавсумда мухлислар сиздан юқори ўринларни кутишлари аниқ…
- Мавсум энди тугаяпти, келинг бу ҳақда кейинги йил гаплашайлик. Вақт ҳаммасини кўрсатади.
Усмон Ибодов ёзиб олди. |