Ўйин олдидан ҳар иккала жамоа таркибида ҳам маълум ўзгаришлар бор эди. “Бунёдкор”нинг сўнгги ўйинларидаги асосий таркиб ўйинчилари – Милош Трифунович ва Ислом Иномовлар маълум сабабларга кўра захирада қолдирилди. «Динамо» сафида эса баъзи бир ўйинчилар бетоблиги туфайли ўйинда қатнаша олишмади. “Динамо”нинг асосий ҳимоячиларидан бири Девид Ония сариқ карточкалари сони 4тага етганлиги боис “Бунёдкор”га қарши ўйнай олмади.
Учрашувнинг биринчи бўлими тенг курашлар остида ўтди. Ҳар иккала жамоа аъзоларида ҳам ҳисобни очиш учун етарлича имкониятлар юзага келган бўлса-да, танаффусгача ҳеч бир ўйинчига гол уриш насиб этмади. Анвар Ғофуровнинг олис масофадан йўллаган ўта кучли зарбаси ёдда қолди. Ўша вазиятда самарқандликлар посбони катта қийинчилик билан тўпни тўрга бориб тушишига йўл қўймади. Анвар Солиевнинг бош билан йўллаган зарбасига эса бир неча сантиметрлар етишмади холос. Шунингдек, рақиб ҳужумчилари Николай Риндюк ва Иван Нагаев “Бунёдкор” дарвозабони Игнатий Нестеровга хавф солиб туришди.
Танаффусда “Бунёдкор” таркибида ўзгариш содир бўлди. Анвар Ражабовнинг ўрнига чемпионат тўпурарлари карвонбошчиси Милош Трифуновичнинг майдонга туширилиши Қосимов шогирдларининг ҳужумкорлигини кескин оширди. Аҳмад Убайдуллаев шогирдларининг ҳам мудофадаги тартибли ва қарши ҳужумдаги ўйинини алоҳида эътироф этиш жоиз. Айниқса, Дилявер Абибуллаев томонидан йўлланган кучли зарбадан сўнг тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтгани эсда қоларли бўлди.
Учрашувнинг 70-дақиқасида ўнг қанотдан олдинга интилган Акмал Шораҳмедов тўпни жарима майдончасига етказиб берди. Бу ерда эса Жавлон Иброҳимовнинг суперзарбаси тўппа-тўғри “Динамо” дарвозасидан жой олди. Мельничук зарба траекториясини кузатиб қолишдан бошқасига ярамади.
Қандайдир икки дақиқа ичида Милош Трифуновичнинг ўзида уч бор қулай вазият юзага келди. Аввалига меҳмонлар дарвозабони аниқ ўйнаган бўлса, кейинги зарбаларда Трифуновичга аниқлик етишмади. Бироқ 89-дақиқада сербиялик ҳужумчи барибир ўз ниятига эришди. Карпенконинг жарима зарбасидан узатган тўпини Милош боши билан рақиб посбонини доғда қолдирди – 2:0.
Бу Милош Трифуновичнинг чемпионатдаги 15-голи сифатида қайд этилди ва у ишончли тарзда тўпурарлар баҳсида пешқадамлик қилмоқда.
Ўзининг 16-ғалабасини тантана қилиб, очколари сонини 52 тага етказиб олган “Бунёдкор” аъзолари кетма-кет тўртинчи чемпионлик сари дадил одимлашмоқда.
21-тур. 24 сентябрь. Тошкент, 2 118 томошабин
«БУНЁДКОР» – «ДИНАМО» - 2:0 (0:0)
Ҳакамлар: О.Толибжонов 8,6 (Тошкент). Т.Абдуллаев 9,4 (Тошкент), В.Лушин 9,2 (Гулистон). Ш.Бозоров 9 (Косонсой)
Голлар: Иброхимов 70 (1:0), Трифунович 89 (2:0)
«Бунёдкор»: 1. Нестеров, 2. Шораҳмедов, 4. Каримов, 6. Ғофуров, 8. Иброхимов, 9. Ражабов (14. Трифунович 46), 10. Саломов (17. Мурзоев 75), 18. Славолюб Жоржевич, 20. Солиев (28. Мельзиддинов 88), 22. Карпенко (с), 33. Милосавлевич
«Динамо»: 27. Мельничук, 8. Абдурахмонов (с), 11. Абибуллаев (6. Бозоров 66), 12. Мамадалиев, 14. Ерохин, 15. Бердимуродов, 18. Сайфиев, 19. Мустафоев, 20. Нагаев, 22. Риндюк, 24. Раҳимов
Назоратчи: С.Эрматов (Тошкент) |