Кутилганидек «Андижон» ва «Динамо» жамоалари ўртасидаги учрашувнинг бу сафаргиси ҳам анча шиддати ва кескин курашларга бой ўтди. Ўйиндаги мезбонларнинг икки голи «Динамо»нинг иккинчи даврадаги илк мағлубиятини таъминлади.
Ўйин мезбонлар ҳужумлари билан бошланди. Учрашувнинг 6-дақиқасида андижонликлар легионери Алексей Касьян «Динамо» жарима майдонига ёриб кириб хавфли вазият яратди. Шундан сўнг мезбонлар ҳужумкорликни туширишмади, меҳмонлар эса қарши ҳужумдан унумли фойдаланишга интилишди. Учрашувнинг 31-дақиқасида айнан самарқандлик футболчиларнинг кўпчилик бўлиб қарши ҳужумга ўтишлари ўз дарвозаларининг ишғол этилиши билан интиҳо топди. Бу вазиятда водийликлар ҳужумчилари Попович ва Целих комбинациясидан сўнг украиналик ҳужумчи ўйинда ҳисобни очди, 1:0.
Вазиятни ўнглаш учун дарҳол ҳужумга ўтган Аҳмад Убайдуллаев шогирдлари ҳам 35-дақиқада ҳисобни тенглаштиришлари мумкин эди. Бироқ Иброҳим Раҳимов чамаси 3 метр масофадан тўпни дарвозага йўллай олмай, юз фоизлик имкониятни кўкка совурди.
Иккинчи бўлим ҳам дастлабкиси сингари бошланди. Мезбонлар ҳужумда, меҳмонлар эса қарши ҳужумда рақиб дарвозасини пойлашди. Бироқ бу услуб меҳмонларга самара келтирмади ва улар ўйиннинг қолган қисмида ҳужумкорликни оширишди. Бу эса андижонликларнинг яна бир марта дарвозани ишғол этишларига имконият яратди. Заҳирадан майдонга тушган Баҳодир Абдураҳмонов қарши ҳужумда меҳмонларни иккинчи марта жазолади, 2:0.
Вазият бундай тус олишини кутмаган «Динамо» вакиллари ҳужумга отланишди, таркибда бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Бироқ улар ҳарчан ҳаракат қилишмасин, ана шу ҳисоб ўйин охирига қадар сақланиб қолди ва «Динамо» ва Аҳмад Убайдуллаев иккинчи даврадаги илк мағлубиятини қарши олишга мажбур бўлди.
18-тур. 25 август.
Андижон, «Соғлом авлод» стадиони.
«Андижон» - «Динамо» - 2:0
Ҳакамлар: Р.Саидов (Тошкент), Х.Мирзааҳмедов (Тошкент вил), А.Снетков (Тошкент вил.), А.Мўминов (Тошкент вил.).
Голлар: Ю.Целих 31, Б.Абдураҳмонов 75.
«Андижон»: Ғ.Ҳасанов, Ш.Райимқулов, А.Касьян, А.Половков, И.Отахонов, О.Қиличев (Б.Ғозиев, 88), Б.Ҳамидуллаев (А.Хўжаев, 46), И.Иброҳимов, Л.Солиев, Ю.Целих (Б.Абдураҳимов, 60), А.Попович.
«Динамо»: А.Мелничук, Д.Ония, А.Ерохин, Р.Бердимуродов, У.Абдураҳмонов (В.Клишин, 77), Д.Абибуллаев, С.Мамадалиев, С.Сайфиев, С.Мустафоев, И.Раҳимов (Ш.Мусаев, 88), Н.Риндюк.
Огоҳлантиришлар: И.Отахонов (69), А.Хўжаев (81), А.Половков (88) – Н.Риндюк (70), Ш.Мусаев (90+2).
Назоратчи: А.Абдуллаев (Тошкент). |