Турнинг энг шиддатли ва муросасиз қарама-қаршиликларидан бири Самарқанддаги «Олимпия» ўйингоҳида бўлиб ўтди. Афсуски, учрашув бош ҳакамининг айрим хатолари охир-оқибат ўйиндаги натижага таъсир этди.
Самарқанддаги бош ўйингоҳ - «Динамо» стадионининг реконструкция қилинаётганлиги сабабли, вилоятнинг бош жамоаси жорий йилдаги барча учрашувларини «Олимпия» стадионда ўтказади. Шу куни ўйиндан олдин Самарқандда мадҳиямиз садолари остида чемпионат байроқлари кўтарилди ва янги футбол мавсуми очиқ деб эълон қилинди.
Бевосита учрашув ҳақида тўхталадиган бўлсак, кутилганидек ўйин мухлислар олқишидаги «Динамо» футболчиларининг ҳужумлари остида бошланди. Кетма-кет уюштирилган ҳужулар Сирожиддин Сайфиев, Сергей Грибанов ва Виктор Клишинларнинг зарбалари билан якун топган бўлсада, вазиятларда меҳмонлар дарвозабони яхши ҳаракат қилди. Бироқ, мезбонлар устунлигида ўтаётган ўйиннинг 27-дақиқасида бош ҳакамнинг нотўғри қарори учрашувга ҳар томонлама жиддий таъсир этди. Ушбу вазиятда тўп «Бухоро» жарима майдончаси ташқарисидан мезбонлар жарима майдони томон узатилди ва тўпни қабул қилиб олган ҳамда жарима майдонига киришга интилган Илья Ильин тезлик борасида Девид Ониядан ортда қолаётган бир вақтда йиқилди. Ушбу вазиятда кўпчилик бухороликлар аъзосини «симуляция» учун «сийланиши»ни кутаётган пайтда, учрашув бош «қаҳрамон»и Бахтиёр Намозов вазиятни сўнгги чора сифатида баҳолади ва самарқандликлар жамоаси сардори Девид Онияни майдондан четлатди ҳамда 11 метрлик жарима тўпини белгилади. Нуқтага яқинлашган Суҳроб Неъматов имкониятни қўлдан бой бермади, 0:1.
Эътиборлиси, бир киши кам бўлиб ҳам майдон эгалари ҳужумларни тўхтатишмади. Меҳмонлар эса қарши ҳужум пайида бўлишди.
Иккинчи бўлимнинг бошланиши ҳам мезбонларнинг катта куч билан олдинга боришлари билан ёдда қолди. Шундай вазиятлардан бирида, учрашувнинг 48-дақиқасида бухоролик ҳимоячилар ўз жарима майдонларида ўта қўпол хатога йўл қўйишди. Тўпни эгаллаб олган Виктор Клишин дарвозабон билан яккама-якка қолди ва Павел Леус майдон эгаларининг ҳужумчисини қўполлик билан тўхтатиб қолди. Эътиборлиси, бош ҳакам меҳмонлар дарвозаси томон пенальти белгилаб, дарвозабонни сўнгги чора учун фақатгина огоҳлантирди. Молдовалик яримҳимоячи Юрий Романюк томонидан берилган зарба эса Павел Леус томонидан чиройли «сейв» орқали бартараф этилди. Айнан ушбу жарима тўпи кўкка совурилгач, мезбон жамоанинг битта кам бўлиб ҳаракат қилаётганлиги ўйинда сезилиб қолди. Руҳий тушкунликка тушган Виктор Жалилов шогирдлари ҳар қанча уринишмасин, меҳмонларни ранжита олмадилар. Геннадий Кочнев жамоаси эса ўйиннинг сўнгги дақиқаларида барча кўрсатмаларни аниқ бажарди. Улар керак вақтда қарши ҳужум тактикасини қўллаган бўлсалар, керак бўлганда вақт чўзиш учун тер тўкдилар. Хуллас, анча асабий, мунозара ва шиддатга бой ўтган ўйин меҳмонлар ғалабаси билан якун топди. Таклиф қилардикки, ушбу учрашувда ҳакам томонидан йўл қўйилган хатоларни етишиб чиқаётган ёш адолат пешволарига дарс сифатида кўрсатишсин, токи келажакда мухлисларимиз жабр кўришмасин. Ана ўшанда барчамиз ютган бўламиз.
2-тур. 12 март.
Самарқанд, 9382 томошабин.
«Динамо» - «Бухоро» - 0:1 (0:0)
Ҳакамлар: Б. Намозов (Тошкент) – 7,7, В. Лушин (Гулистон) – 8,5, Л. Закутилин (Навои) – 7,8, И. Ибрагимов (Нукус) - 8.
Гол: С. Неъматов, 28 пен.
«Динамо»: А.Ашуров, Д.Ония, У.Қобилов, С.Мустафоев, Г.Егоров (А.Шашков, 29), Ю.Романюк (У.Абдураҳмонов, 75), А.Бозоров, С.Сайфиев (С.Гаффаров, 68), К.Израилов, С.Грибанов, В.Клишин.
«Бухоро»: П.Леус, Г.Кбесиешвили, Р.Романчук, Б.Омонов, Н.Ражабов, О.Нарзуллаев, Т.Грижюнас, А.Саноев, С.Неъматов (Н.Жўраев, 68), Ж.Ҳасанов (М.Курбонбоев, 85), И.Ильин (А.Бобожонов, 90+3).
Амалга оширилмаган пеналти: Ю.Романюк, 48
Огоҳлантиришлар: К. Израилов (50), А. Бозоров (87) – А. Санаев (34), П. Леус (48), Б. Омонов (56).
Четлатиш: Д. Ония («Динамо», 27).
Энг яхши футболчилар: С. Мустафоев – П. Леус.
Назоратчи: Р. Серазетдинов (Тошкент). |