Виктор Жалилов учрашув борасида фикр билдираркан, Жиззахдан уч очко билан қайтиш учун имкониятлардан тўла фойдалана олмаганликларига урғу бериб ўтди.
- Виктор Романович, сиз «Динамо» бошқарувига келганингиздан буён ҳали расмий ўйинда бирор марта ҳам мағлубиятга учрамагансиз. Бугун ҳам бу анъана сақлаб қолинди. Бундан хурсандмисиз?
- Қанчалик хурсанд бўлишга арзийди билмадиму, аммо бугун ғалаба қозонишни мақсад қилгандик ва бунга яқин ҳам эдик. Ким мавсумни муваффақият билан бошлашни хоҳламайди? Шундай экан, бугун максимал натижани қўлга киритишимиз лозим эди. Аммо, начора қатор имкониятлар бўлсада, рақиб дарвозасини ишғол этолмадик.
- Мезбонлар мураббийи натижадан ҳам, шогирдлари ўйинидан ҳам қониққанлигини айтиб ўтди. Бу борада сиз қандай фикрдасиз?
- Ўйин борасида жамоалар тенгкураш намоён этишди. Йигитлар ёмон ҳаракат қилишмади, уларнинг ўйинидан кўнглим тўлди. Ҳар ҳолда янги таркиб, мавсум бошланиши ҳозир. Бир томондан ўйиндаги ҳисоб ҳам адолатли деса бўлади.
- Учрашувдаги ҳакамлар жамоангизнинг яққол голини инобатга олмагандек кўринди бизга?
- Билмадим, ҳозир бир нима дейиш қийин. Чунки, ҳали бизни ўйин эмоциялари тарк этгани йўқ. Такрорий вазиятларни кўриб, кейин қарор чиқарсак мақсадга мувофиқ бўлади. |