Мухлисларнинг янги футбол мавсумини қанчалик соғинганликларини Жиззах ҳамда Самарқанд аҳли, қўшниларнинг ўзаро ўйинида кўрсатишди. Бунга жавобан мезбонлар мураббийи Рауф Инилеев ҳам, меҳбонлар устози Виктор Жалилов ҳам ҳар қанча ҳужумкор ўйин кўрсатишмасин шу куни тўп дарвозаларга киришни хоҳламади.
Ўйиндан олдин Жиззахда янги футбол мавсумининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Эстрадамиз юлдузларидан бири Жаҳонгир Позилжоновнинг куй-қўшиқлари ўйингоҳга йиғилганларга байрам шукуҳини тақдим этди. Шундан сўнг, Жиззах вилоят ҳокими чиқиш қилар экан, янги мавсумда барчага омад ҳамда зафарлар тилади ва ҳар икки жамоа сардорлари Даврон Файзиев ва Девид Ониялар чемпионат байроқларини кўтариб қўйишди.
Умуман олганда ўйиндан олдин аниқ фикр билдириш қийин эди. Зеро, ҳар икки жамоа таркиби ҳам ўтган йилги таркибдан анча фарқ қиларди. Айниқса, самарқандликлар сафида қатор ўзгаришлар амалга оширилганди. Айнан янги футболчилар учрашувнинг илк дақиқаларида ҳисобни очишлари мумкин эди. Аммо, ўйиннинг 9-дақиқасида Виктор Клишин «Сўғдиёна» дарвозабони билан деярли яккама-якка вазиятда чиқиб, ноаниқ зарба йўллади. Кўп ўтмай, мезбонлар ҳам бу ҳужумга жавоб беришди ва Артурос Фоменко Азиз Ашуровни доғда қолдира олмади. Тенгкурашлар остида кечган бўлим ҳисобда ҳам акс этди.
Ўйиннинг иккинчи қисми эса кўҳна шаҳарликлар ҳужумлари остида бошланди. Қанотлардан уюштирилган кетма-кет ҳужумлар ўз самарасини беришга яқиндек кўринганди. 53-дақиқада Шерзод Зайниевнинг ўнг қанотдан ошириб берган тўпини мезмонлар жарима майдонида ҳаммадан баланд сакраган Виктор Клишин жиззахликлар дарвозасига йўллаб, стадионнинг бир қисмини ларзага келтирди. Аммо, Самарқанддан ташриф буюрган икки мингдан ортиқ «Динамо» мухлисларининг қувончлари ҳеч қанча давом этмади, қанот ҳаками байроқчасини кўтариб, голнинг инобатга олинмаслигига сабаб бўлди.
77-дақиқада Клишин яна бир юз фоизли имкониятни кўкка совурди. Ҳужучи дарвозабон билан яккама-якка вазиятига чиқиб, Спиридоновни доғда қолдира олмади. Ҳужум якунланиши билан қарши ҳужумга ўтган мезбонлар ҳам ҳисобни очишлари мумкин эди. Аммо, Собир Ҳамидовнинг жарима майдони ичидан йўллаган ўта кучли зарбаси «Динамо» дарвозаси тўсинига тегиб майдонга қайтди. Ўйин сўнггига қадар ҳар икки жамоа ҳам ғалабани илиб кетиши мумкин эди, аммо шу куни ўйингоҳни тўлдириб ўтирган мухлисларга гол кўриш насиб этмади. Ҳар икки жамоа илк турда очколарни бўлиб олишга мажбур бўлишди.
Жиззах, 9210 томошабин.
«Сўғдиёна» (Жиззах) – «Динамо» (Самарқанд) – 0:0
Ҳакамлар: В. Коваленко (Тошкент) – 9,4, Ж. Саидов (Тошкент) – 9,0, М. Саидқосимов (Тошкент) – 9,0, Х.Рўзиев (Тошкент) - 9.
«Динамо»: Азиз Ашуров, Дэвид Ония, Учқун Қобилов, Геннадий Егоров, Салим Мустафоев, Юрий Романюк, Карим Израилов, Сирожиддин Сайфиев (Сайриддин Гаффаров, 69), Шерзод Зайниев, Сергей Грибанов, Виктор Клишин (Умид Абдураҳмонов, 83).
Огоҳлантиришлар: И. Раҳимов (54), Д. Файзиев (иккаласи ҳам «Сўғдиёна», 62).
Энг яхши футболчилар: Д.Файзиев – Д.Ония.
Назоратчи: А. Попов (Тошкент). |